РАСМИЙ МУНОСАБАТ: Қумқўрғон тумани “Жалоир” маҳалласи
Қумқўрғон тумани “Жалоир” маҳалласи “Истиқлол” кўчаси 7 уйда яшовчи фуқаро Бобожонова Назира Сапоевна 2020 йил 23 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти номига мурожаат қилиб, ўз мурожаатида маҳалладошлари фуқаролар Илхом Халмаматов ва Чори Хўжамқуловлар унинг яшаб турган уйини тортиб олаётганлигини, тегишли жойларга мурожаат қилганлиги, бироқ шу вақтга қадар натижа бўлмаётганлигини, шу сабабли амалий ёрдам беришни сўраб ижтимоий тармоқлардаги “Facebook” мессенджерининг “ХАЛҚ ВА ДАВЛАТ / НАРОД И ГОСУДАРСТВО” сахифасига “Zafar Ataxanov” номли фойдаланувчи томонидан жойлаштирилган видео мурожаати юзасидан.
Мазкур ҳолат юзасидан Қумқўрғон тумани ИИБ масъул ходимлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган.
Ушбу масалада фуқаро Н.Бобожонова 2019 йил 21 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ишонч телефонига фуқаро И.Халмаматовнинг ҳаракатларидан норози бўлиб қилган мурожаати юзасидан Қумқурғон тумани ИИБ масъул ходими томонидан олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, фуқаро И.Халмаматовнинг ҳаракатларида бирон-бир жиноят ёки ҳуқуқбузарлик аломатлари йўқлигини аниқлаб, 2019 йил 02 июль куни жиноят ишини қўзғатишдан рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Шундан сўнг 2020 йилнинг июнь ойида Н.Бобожонова юқоридаги ҳолат юзасидан такроран мурожаат қилиб, маҳалладошлари Илхом Халмаматов ва Чори Хўжамқуловлар унинг яшаб турган уйини тортиб олаётганлигини ва унга тазйиқ ўтказиб уйидан чиқариб юбормоқчи бўлаётганлигини маълум қилган.
Фуқаро М.Бобожонова Ўзбекистон Республикаси Президентининг ишонч телефони ва бошқа ҳуқуқни мухофаза қилувчи органларга ушбу мазмундаги жами 10 дан ортиқ мурожаатлар қилган, ушбу мурожаатлар бўйича тушунтириш бериш учун туман ИИБ га келиши сўралганда ёки унинг яшаш хонадонига борилганда, асоссиз равишда кўрсатма беришдан бош тортганлиги, шу сабабли ҳар бир ҳолат юзасидан мутасаддилар томонидан далолатномалар расмийлаштирилган.
Ушбу ҳолат бўйича собиқ “Жалоир” МФЙ раиси Х.Бойқобиловдан сўралганда, Н.Бобожонованинг ушбу масаладаги мурожаатлари юзасидан илгари хам бир нечта тегишли мутасадди ташкилот ходимлари келиб, мурожаати ўрганилганлиги ва хеч қандай қонун бузилиш ҳолатлари аниқланмаганлиги сабабли фуқаро Н.Бобожонованинг мурожаатида кўрсатилган важлар ўз тасдиғини топмаган деб хулосалар чиқариб кетганлигини маълум қилган.
Текшириш давомида Н.Бобожонованинг қўни-қўшнилари ва маҳалла фуқаролар йиғини фаолларидан ҳолат бўйича сўралганда, улар аризада кўрсатилган ҳолатлар содир этилмаганлигини, унга фуқаро И.Холамаматов хеч қандай тазйиқ ёки зўравонлик ўтказмаганлигини маълум қилишган.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати