26 Сентябр 2020 йил 1294

РАСМИЙ МУНОСАБАТ: Жарқўрғон тумани Мингчинор маҳалласи

Жарқўрғон тумани Мингчинор маҳалласида яшовчи фуқаро Джумаев Комил Мусурмонқуловичнинг Жарқўрғон туман ИИБ ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб ижтимоий тармоқларнинг “YouTube” каналидаги “JAMOATCHILIK NAZORATI” фойдаланувчиси томонидан “БУ ТАДБИРКОРГА НЕГА БОСИМ БЎЛМОҚДА??? ТЕЗДА КЎРИНГ ЖУДА АЯНЧЛИ ХОЛАТ.” сарлавҳаси остида тарқатган видео мурожаати юзасидан.
Мазкур видео мурожаатни Жарқўрғон тумани ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганилганида қуйидагилар аниқланган.
2020 йил 17 сентябрь куни Жарқўрғон тумани Мингчинор маҳалласида яшовчи фуқаро Джумаев Комил Мусурмонқулович профилактика инспекторига қўнғироқ қилиб ўзига таниш бўлган “Яшка” исмли шахсни турмуш ўртоғи, “Али” исмли ўғли ва “Мунаввар” исмли ишчиси билан бирга уйига келиб, унга нисбатан босқинчилик қилиб, ўзига тегишли бўлган “Redmi” русумли қўл телефон аппаратини олиб кетганини, шу сабабли ушбу телефонини олиб беришни сўраб мурожаат қилган.
Мазкур мурожаат юзасидан профилактика инспектори катта лейтенант М.Кенжаев томонидан олиб борилган суриштирув ҳаракатлари давомида “Яшка” исмли фуқаронинг ўғли Мухаммадали Шарапов ўзининг кўрсатмасида фуқаро К.Джумаевнинг телефон аппарати унда эканлигини, унинг телефонини тортиб олмаганини, аксинча фуқаро К.Джумаевнинг ўзи унинг онасига улардан мавжуд бўлган қарзи эвазига гаров сифатида берганлигини маълум қилган.
Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилганида қуйидагилар маълум бўлган:
Туманнинг “Мингчинор” маҳалласида яшовчи фуқаро К.Джумаев туманнинг “Дўстлик” маҳалласида жойлашган “Раҳматулло” ошхонасига бориб, бир неча маротаба қарзга овқатланиб, қарзини томарқасида етиштираётган Булғор қалампири етишиб чиққан заҳоти беришини айтиб келган. Орадан бир қанча муддат ўтса ҳам фуқаро К.Джумаев қарзини тўламасдан, турли боҳоналарни рўкач қилиб келган. Шу сабабли мазкур ошхона бошлиғи Асрор Шараповнинг ўзи билан ошхонада бирга ишлайдиган турмуш ўртоғи Дилбар Шарапова ва мазкур ошхона ишчиси Мунаввар Самадова билан бирга ўғли М.Шараповнинг Матиз русумли 75G507СА давлат рақамли автомашинасида 2020 йил 17 сентябрь куни К.Джумаевнинг яшаш хонадонига қарзини сўраш ва қайтариб бермаса ИИОга мурожат қилмоқчилигини айтмоқчи бўлиб борганларида, хонадонида унинг ўзи йўқлиги сабабли, унинг турмуш ўртоғи Қодирова Гулноза Абдуллаевна билан гаплашиб, ҳолатни тушинтирмоқчи бўлганида Г.Қодирова Д.Шарапова билан ўзаро оғзаки тортишиб қолишганлиги ва бир-бирларини ҳақорат қилишганлиги, Г.Қодирова турмуш ўртоғи К.Джумаевни телефон қилиб чақирганида К.Джумаев хонадонига кириб келиши билан уйига келганларни ҳақорат қилиб кетганлиги, шундан сўнг, Д.Шарапова ва М.Шарапов К.Джумаевга унинг устидан ёзган шикоят аризасини кўрсатиб, “Сендан ёмонлик кўрмаганмиз, сени уйингга жанжал қилгани келмаганмиз, лекин қарзингни бермасанг, туман ИИБга мурожаат қилишга мажбур бўламиз, шу сабабли олдингдан ўтгани келдик” деб гаплашишганлиги ва уйидан чиқиб кетаёганида К.Джумаев уларнинг орқасидан бориб, “Опа тез кунларда қарзимни бераман, илтимос ИИБга мурожаат қилманг” деганида Д.Шарапова унга ишонмаслигини айтганлигини, шунда К.Джумаев “Опа агар ишонмасангиз, мана телефонимни гаров сифатида олинг, қарзимни икки кун ичида тўлаб, кейин телефонни олиб кетаман” деб телефон аппаратини бериб юборганлиги аниқланган.
2020 йилнинг 18 сентябр куни ҳолат бўйича туман ИИБ ходимлари томонидан туманнинг Дўстлик маҳалласида жойлашган “Рахматулла” кафесига борилиб А.Шарапов (Яшка)га К.Джумаевнинг телефон аппаратини қайтариш лозимлигини, ораларидаги олди-берди масаласини фуқаролик суди орқали ҳал қилиниши тушинтирилиб, А.Шараповдан К.Джумаевнинг қўл телефон аппаратини тегишли тартибда олиб, фуқаро К.Джумаевга берган ва К.Джумаев телефон аппаратини қўлига олгач туман ИИБ ходимларига ўз миннатдорлигини билдирган.
Шундан сўнг, 19 сентябрь куни К.Джумаев вилоят ИИБ навбатчилик қисмига қўнғироқ қилиб “мени телефон аппаратимни олиб кетган шахсларни нега жавобгар қилмаябсилар мени мурожаатимни кўриб чиқинглар мени телефонимни олиб кетганлар ичидаги нарсаларини ўчириб юборган шу сабабли уларга нисбатан қонуний чора кўришларингизни сўрайман” деб мурожаат қилган ва ушбу мурожаат туман ИИБ навбатчилик қисмидаги Шакл-2 китобига №1234-рақами билан қайд қилиниб, терговга қадар текширув ҳаракатларини ўтказиш ҳудудий профилактика инспектори катта лейтенант М.Кенжаевга юклатилган.
М.Кенжаев тмонидан ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, фуқаролар Д.Шаропова ва Г.Қодироваларнинг ҳаракатларида ЎзР МЖтКнинг 41-моддаси ҳамда фуқаро К.М.Джумаевнинг ҳаракатларида МЖтКнинг 40 ва 41-моддаларида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжудлиги учун тўпланган ҳужжатлар 2020 йил 22 сентябрь куни 26/660-рақамли чиқим хати билан қонуний тўхтамга келишлик учун Маъмурий ишлар бўйича Жарқўрғон туман судига юборилган.
Ҳолат юзасидан кўшимча суриштириш ишлари олиб борилганида фуқаро К.М.Джумаев илгари ҳам бир неча маротаба турли ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилганлиги маълум бўлган.
Жумладан, К.Джумаев 2018 йилнинг 27 апрель куни Жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон туман суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 104-моддаси 2-қисми билан судланиб, 57-моддаси қўлланилиб, 3 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Шунингдек, 2019 йилнинг 16 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 277-моддаси 1-қисми билан судланиб, 2 йил муддатга Аҳлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган.
Бундан ташқари, 2018 йилнинг 19 июнь куни ва 2019 йилнинг 25 февраль куни Жарқўрғон туман маъмурий суди томонидан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 41-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилганлиги аниқланган.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

Text to speech