Расмий муносабат; Аввал хабар қилганимиздек, ижтимоий тармоқларда "Сурхондарё вилоятида янги “ворзакон” пайдо бўлди” сарлавҳаси остидаги видеолавҳа юзасидан, Музработ тумани Ички ишлар бўлими масъул ходимлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилганида қуйидагилар аниқланди.
2021 йил 26 апрель куни кундузи соат 16:30лар атрофида 1981 йилда Музработ туманида туғилган, муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси билан беш маротаба, 277-моддаси билан 1 маротаба, Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 162-моддаси (босқинчилик) билан бир маротаба судланган, вақтинча ишсиз, Музработ тумани “Янги ҳаёт” маҳалласида яшовчи фуқаро М.Абдурахим туман ИИБ биносига маст ҳолда келиб, сабабсиз бақир-чақир қилиб, туман ИИБ ходимлари уни тинчлантиришга уринишига қарамасдан, муқаддам судланганлиги сабабли зарурат туғилган вақтда туман ИИБга профилактик суҳбатга чақиртирилаётганлигидан норози эканлигини билдириб, ёнида бўлган бир маротабалик соқол олиш учун мўлжалланган олмос (лезвия) бўлаги билан ўзининг тана қисмини бир неча жойидан тилиб ўзига тан жарохати етказган. Шу сабабли туман ИИБ ТБ НҚ катта инспектори унинг ёнига бориб қўлидаги олмосини топширишини сўраб, олмосни олмоқчи бўлганида М.Абдурахим олмосни бўйин қисмига олиб келиб “яқинлашсаларинг томиримни кесаман!”-деб, бақир-чақирни давом эттирган. Шундан сўнг М.Абдурахим билан тушунтириш ишлари давом эттирилиши натижасида қўлидаги олмосини отиб юборган ва тез тиббий ёрдам чақиртирилиб, унга тез тиббий ёрдам кўрсатилган.
Ҳолат юзасидан шу вақтнинг ўзида Музработ туман прокуратурасига хабар қилинган. Мазкур ҳолат ушбу куни туман ИИБ ТБ НҚ катта инспектори томонидан туман ИИБнинг Шакл-2 китобига расмийлаштирилган. Фуқаро М.Абдурахим ҳушёр ҳолга келгач ундан ҳолат юзасидан тушунтириш хати олинганида, қилган ишидан пушаймонлигини, пиво ичиб маст ҳолатда бўлганлиги сабабли ўзининг ҳатти-ҳаракатларини бошқара олмаганлигини маълум қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ҲПБ профилактика инспектори томонидан 2021 йил 5 май куни Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишдан рад этилганлиги маълум бўлди
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати