15 Март 2022 йил 681

Расмий муносабат: Ижтимоий тармоқларда “8- март аёлларни хўрлаш куними? Сурхондарёда. ИИБ ходимлари аёлни калтаклаб тухмат қани адолат” сарлавҳаси остида тарқалган видео мурожаат юзасидан, Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилганида қуйидагилар маълум бўлди.

2022 йил 1 март куни Шўрчи тумани “Кушон” маҳалласида яшовчи фуқаро Д.Менгқобил туман ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, унда 2022 йил 23 февраль куни соат 07:30 ларда Шўрчи тумани “Кушон” маҳалласи ҳудудида жойлашган 67-сонли ўрта таълим мактабининг қоровулхонасида электр қувватлагичда турган 2.000.000 сўмлик “Samsung A-12” русумли қўл телефони ва электр қувватлагичи номаълум шахс томонидан ўғирлаб кетганлиги сабабли унга нисбатан чора кўришни сўраган.
Мазкур ҳолат юзасидан, 2022 йил 2 март кунида Шўрчи тумани ИИБ тергов тезкор гуруҳи томонидан Шўрчи тумани 67-сонли ўрта таълим мактаби кўздан кечирилганда, мазкур мактабнинг биносида кузатув камераси мавжудлиги аниқланиб, кўздан кечирилганда мактабда фаррош бўлиб ишловчи фуқаро Р.Адолат қоровулхонага кириб қўл телефонини олиб ҳодиса содир бўлган жойдан чиқиб кетганлиги ҳолати тасвирга туширилган видео тасвирлар борлиги аниқланган ва тегишли тартибда ҳужжжатлаштириб олинган.
Шунингдек, 2022 йил 3 март кунида фуқаро Д.Менгқобилга тегишли “Samsung A12” русумли қўл телефони ва электр қувватлагич фуқаро Р.Адолатнинг яшаш уйининг томорқасида, қора рангли полетелин пакетга ўраб кўмиб қўйилганлиги аниқланиб, процессуал тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан, фуқаро Р.Адолатга нисбатан Шўрчи тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан 2022 йил 5 март куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Юқорида кўрсатилган ижтимоий тармоқ орқали фуқаро Р.Адолатга нисбатан ИИБ ходимларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун тўпланаётган ҳужжатлар бўйича тегишли тартибда хизмат текшгируви тайинланган.

Маълумот ўрнида, тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш, яъни ишни ҳар томонлама, тўла ва холисона ўрганилишига тўсқинлик қилиш мақсадида суриштирувчи, терговчи ёки прокурорга ёхуд адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқарилишига эришиш мақсадида судьяга турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Ҳурматли ижтимоий тармоқ фаоллари, ижтимоий тармоқларга жойлаштирилаётган ҳар қандай асоссиз, бирон-бир тизимни обрўсизлантирувчи маьлумотларга ишониб, нотўғри фикр билдирмасликларингизни, масаланинг туб моҳиятини ўрганиб, шарҳ беришларингизни илтимос қиламиз.

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech