9 Июн 2020 йил 1193

Раҳбар кадрларни тайёрлашнинг янги моделлари

Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармасида Ўзбекистон Республикаси ИИВ академияси раҳбар кадрларни тайёрлаш факультетида воҳадан таҳсил олаётган битирувчи тингловчилар ҳамда жорий ўқув йили учун тингловчиликка номзодлар билан учрашув бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ академияси раҳбар кадрларни тайёрлаш факультети бошлиғи, полковник М.Зиёдуллаев, вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Ш.Бўроновлар мамлакатимиз ички ишлар органларида кейинги йилларда кадрлар билан ишлаш ва уларнинг хизматини ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича фикр юритди.

Президентимизнинг 2017 йил 16 августдаги «Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим омил бўлмоқда.

Ўтган йилларда мазкур факультетда 850 дан ортиқ раҳбар кадрлар тайёрланди. Айни пайтда бу даргоҳда таълим олиб, раҳбарлик маҳоратини оширган кўплаб кадрлар давлат бошқаруви, суд, миллий гвардия каби тизимларда самарали хизмат қилмоқда.

Туман, шаҳар ва бошқа юқори тизимлар учун универсал етук кадрлар тайёрлашга ихтисослашган ўқув масканида тингловчилар учун барча қулайлик яратилган. Дарслар замонавий ўқув модели асосида инновацион усулда олиб борилади. Жисмоний шайлиги, махсус тактик тайёргарлиги оширилади. Назарий билимларини амалиётда қўллаш кенг жорий этилган. Ўқув даврида тингловчиларнинг қандай лавозимга тайинланиши ўрганилиб, тегишли тавсиялар бериш, раҳбар кадрлар захирасига киритиш йўлга қўйилган. Шунингдек, тингловчилар бир йил давомида пойтахтдаги маҳаллаларга бириктирилиб, уларга амалий ёрдам кўрсатади. Бу борада амалга оширилаётган барча ишлар ИИВ тизимида кадрларни мақсадли тайёрлаш ва жой-жойига қўйишда муҳим ўрин тутмоқда.

–Сўнгги йилларда бу ерда таълим олиб келган ходимларимизнинг аксарияти раҳбарлик лавозимларида фаолият юритмоқда, – дейди вилоят ИИБ кадрлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, майор М.Бозоров. – Чунки, ўқув даргоҳига шахсий таркибни ўз ортидан эргаштириш қобилиятига эга чуқур билимли ходимларни саралаб олиш йўлга қўйилган. Ўқишга қабул қилиш икки босқичда амалга оширилади. Иккинчи босқичдаги конкурс-имтиҳонда энг юқори балл тўплаган номзодлар тингловчилар сафига қабул қилинади. Дастлабки саралаш босқичи жойлардаги ички ишлар органларида бўлиб ўтади. Бу йил ҳам воҳада йигирмадан ортиқ номзод раҳбар кадр бўлиб етишиш учун ўқиш истаги борлигини маълум қилган.

Учрашувда таълим муассасаси фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан олиб борилаётган ишлар, номзодларга қўйиладиган талаблар, қабул тартиблари, таълим жараёни ва ўқув дастурлари хусусида сўз юритилди. Янги ўқув йили учун тингловчиликка номзодлар билан суҳбат ўтказилиб, туман ИИБларида бу йилги амалиёт машғулотларини ўтаётган битирувчиларнинг ўқиш жараёнини янада ривожлантириш бўйича таклиф ва тавсиялари тингланди.

http://uza.uz/oz/society/ra-bar-kadrlarni-tayyerlashning-yangi-modellari-06-06-2020

Text to speech