Қумқўрғонда, жиноятчилик муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди
Гиёҳвандлик иллати ортидан қанчадан-қанча инсонлар умри завол, оилалар пароканда бўлади, фарзандлар кўзида ёш қалқийди.Шу боис ҳам доимо унга қарши курашиш лозим.
Қумқўрғон тумани Янгиер маҳалласида Туман ҳокими Р.Гаппаров, туман ИИБ бошлиғи Н.Нарзуллаев, туман ДСИ бошлиғи З.Турсунов ва маҳалла раислари иштирокида ўтказилган йиғилишда "Сурхон Соҳили" маҳалласида фош этилган гиёҳвандлик жинояти муҳокама этилди.
Қумқўрғон туман ИИБ Жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир жараёнида гиёҳфурушлик билан боғлиқ жиноят фош этилди.
Қумқўрғон туманида яшовчи 1977 йилда туғилган М.С умумий вазни 2,86 грамм бўлган "Опий" гиёҳвандлик воситасини шу туманда яшовчи бошқа шахсга 1 000 000 (бир миллион) сўмга қонунга хилоф равишда сотган пайтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Олиб борилган дастлабки суриштирувлар жараёнида М.С. ушбу гиёҳвандлик воситасини Денов туманида 1997 йил туғилган, Сурхон Соҳили маҳалласида нонвойхонада нонвойчи бўлиб ишловчи Р.Н дан сотиб олганлиги маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.