15 Феврал 2022 йил 413

"Оламга зиё сочган улуғ аждодим"

Сурхондарё вилояти ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармасида сўз мулкининг султони, улуғ мутафаккир Мир Алишер Навоий таваллудининг 581-йиллиги ҳамда шоҳ ва дилбар шоир, муаррих, мусиқашунос Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 539 йиллиги муносабати билан "Оламга зиё сочган улуғ аждодим" мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирни Транспортда ХТБ бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари капитан Д.A.Алланазаров очиб берди. Тадбирга таклиф этилган меҳмон ижодкор шоира, халқ депутатлари Термиз туман кенгаши котибияти бош мутахассиси Комила Абдуллаева сўзга чиқиб, буюк бобокалонларимиз Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти, бой маданий мероси ва уларнинг бугунги кундаги қадр-қиммати хусусида атрофлича фикр юритди. Бу икки буюк сиймонинг асарлари дунё халқларининг бебаҳо маънавий меросига айланганини алоҳида қайд этди. Алишер Навоий ва Бобур ғазалларидан, шунингдек, ўзининг қаламига мансуб шеърлардан намуналар ўқиди. Шу билан бир қаторда, Термиз туманидаги 1-сонли мактабнинг 7-синф ўқувчиси Олимова Маржона сўзга чиқиб, ўзи ёд олган ушбу икки буюк сиймонинг ватанни мадҳ этувчи шеърий асарларини айтиб берди. Тадбир сўнгида Сурхондарё вилояти ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати раҳбарияти томонидан фаол иштирокчиларга фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалари ҳамда бадиий адабиётлар тақдим қилинди.

Text to speech