ОИВ/ОИТС (СПИД)сиз яшаш ўз қўлингда.
ОИВ
инфекцияси бугунги кунда Бутун Жахон Соғлиқни сақлаш ташкилоти олдида турган
долзарб муаммолардан бирига айланган. Бугунги кунда дунёда ОИВ инфекциясидан азият чекаётган 41 миллионга яқин бемор бор. Улар сони
йилига ўртача 1,5 миллион нафарга кўпаймоқда. Энг ёмони, хасталик ҳар йили 600
мингдан зиёд кишининг ҳаётига зомин бўляпти. Умуман, Ер юзида ОИТС эпидемияси
бошлангандан буён 74
миллион одам ушбу дардга чалиниб, 33 миллион нафардан ортиғи вафот этган. Таҳлилларга кўра,
инфекция 75 фоиздан ортиқ ҳолатларда 25-49 ёшли кишилар ўртасида учрамоқда. Шу
жумладан юртимизда яшаётган инсонлар орасида
2023 йил 1 ноябрь куни ҳолатига кўра 49204 нафар, вилоятимиз аҳолиси
орасида 2480 нафар ОИВ инфекциясини юқтириб олганлар аниқланган.
Бугунги кунда ОИВ
инфекцияси ер юзининг барча мамлакатларига тарқалган, шу жумладан Ўзбекистонда
ҳам бу касаллик 1987 йилдан бошлаб, дастлаб хорижлик фуқаролар орасида
кейинчалик маҳаллий аҳоли қайд қилинди. Ҳозирги кунда республикамизнинг 25
ёшдан 45 ёшгача бўлган аҳолисида
касалланиш ҳолатлари кўпроқ аниқланмоқда. Бу касаллик билан хозирги
кунда эркаклар 53.3%, аёллар эса 46.7 % касалланмоқда, бундан кўриниб турибдики
эркак ва аёллар ўртасида тенг тарқалмоқда. Мамлакатимизда бу касалликнинг
эпидемик тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида республика миқиёсида бир
қатор тадбирлар амалга оширилмоқда, жумладан, бу борада ишлар “Одамнинг
иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси)
тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни
(23.09.2013й №353), Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил
20-январдаги ПҚ-14-сонли Қарори ва Вазирлар Махкамасининг 21.02. 2022 йилдаги
84-сонли Қарори “Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекциясининг тарқалишига қарши
ўтказилаётган тадбирларнинг самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чоралар
ҳақида”ги ишлаб чиқилди, бу Қонун ва
Қарорлар нафақат тиббиёт ходимлари, балки жамиятимизнинг бошқа соҳа вакилларига
ҳам маъсулиятли вазифаларни юклайди ҳамда республикамиз аҳолиси, хусусан ёш
авлод саломатлиги тўғрисида ғамхўрлик қилишга чорлайди. Шундай экан ОИВ/ОИТС
касаллиги нима деган савол туғилади.
ОИВ(ВИЧ)-одам
организмидаги иммунитет танқислигини келтириб чиқарувчи вирус. Асосан одамнинг
иммунитет (касалликларга қарши химоя) тизимига таъсир қилади.
ОИВ
инфекцияси-инсон организмига тушган вирус келтириб чиқарадиган касаллик. Бу
даврда инсон вирус ташувчи хисобланади. ОИВни юқтирганлар-одамнинг иммунитет
танқислиги вирусини юқтириб яшаб юрган шахслар.
ОИТС(СПИД)-ортирилган
иммунитет танқислиги синдроми у ОИВ инфекциясининг якуний босқичи бўлиб, бу
даврда инсон организми ҳар қандай касалликка бардош бериш хусусиятини йўқотади.
ОИВнинг келиб
чиқиши тўғрисида 3 та назария мавжуд.
-Бу вирус янги бўлиб,
эволюция йўли билан симиян маймунларидан келиб чиққан деб тахмин қилинади.
- Бир гурух олимлар эса бу
вирус инсон организмида аввалдан мавжуд бўлган ва касаллик енгил шаклда ўтган,
кейинги йилларда вирус мутацияга учраган деб ҳисоблашади. Бундай назария
тарафдорлари 1968 йилда вафот этган Сент Луис шаҳридаги бир бесоқолбознинг
музлатиб қўйилган тўқималари намуналарида ушбу вируснинг бир тури
аниқланганлиги сабаб қилинади.
- Учунчи гурух олимлар эса,
«вирус таҳлилхоналарда, ген инженерия усулида олимлар томонидан бактериологик
қурол сифатида сунъий яратилган» деган фикрдадир.
Касалликнинг клиник кечиши бошқа юқумли касалликлардаги
сингари, бир неча даврларга бўлинади. Касалликнинг яширин даври-бу давр ОИВ
инфекциясини юқтириб олгандан кейин ҳеч қандай клиник белгиларсиз 5-6 ой, ҳатто
5-15 йилгача давом этиши мумкин бу ҳолат инсон организмининг иммун тизими
чидамлилигига боғлиқ, бу давр эпидемиологик жиҳатдан энг хавфли бўлиб, чунки
ОИВ билан зарарланган одам муайян вақтгача вирус таъсирини сезмайди ва
касалликни ўзи билмаган ҳолда бошқаларга юқтириб юраверади. Яширин давр
ўтгандан сўнг инсон организмида вирус ўзининг таъсир кучини кўрсатади,
касалликнинг дастлабки клиник кўриниши гриппга хос белгилар билан кечади. Бунда
камқувватлилик, иштаҳанинг пасайиши, кўп терлаш, тана хароратининг кўтарилиши,
лимфа безлари, жигар, талоқнинг катталашуви кузатилади.Бўғинларда оғриқ, бемор
терисида ҳар хил тошмалар пайдо бўлади, йўтал, сабабсиз ич кетиши бошланади ва
бу ҳол ўзоқ давом этиши мумкин.Бемор турли касалликларга берилувчан бўлиб
қолади ва бу ҳолат тез-тез қайталаниб туради.
Касаллик асосан 3 хил йўл билан юқади.
1. Жинсий алоқа
йўли-тартибсиз жинсий ҳаёт кечирувчи шахслар орасида кўпроқ учрайди. Чунки
вирус аёл ва эркак шахвоний суюқликларида кўп миқдорда учрайди.
2. Парентерал йўл- бу ОИВ
инфекциясининг қон орқали юқишидир. Касалликнинг қон орқали юқишида гиёхванд
моддаларни инекция йўли билан қабул қилишда, беморларни даволаш жараёнида
зарарсизлантирилмаган асбоб-анжом, шприц ва игналардан фойдаланганда, ОИВ
инфекцияси билан зарарланган қон қуйилганда, соч-соқол, маникюр, педикюр ишлари
тўлиқ зарарсизлантирилмаган асбоблардан фойдаланганда юқиши мумкин.
3. Вертикал юқиш йўли-вирус
билан касалланган аёлдан ҳомиладорлик даврида ёки туғруқ жараёнида онадан
болага ўтади.
Касаллик қуйидаги ҳолларда юқмайди-жарохатланмаган
тери орқали, битта идишдан овқат ейилганда, қўл бериб кўришганда қучоқлашганда,
ҳавзалар ва хожатхонадан фойдаланганда, қон сўрувчи хашоратлар (чивин,бит,кана
ва бошқа) чаққанда, ҳаво орқали мулоқат пайтида.
ОИВ инфекцияси сурункали касаллик, уни бутунлай даволаш
имкони ҳали мавжуд эмас. Шунинг учун бемор умри давомида тиббий ёрдамга мухтож
бўладилар. Фақатгина вирусга қарши дори воситалари ёрдамида ОИВни юқтирган
одамлар умрини узайтириш мумкун.
Шу
сабабли касалликнинг олдини олиш чораларини кўриш зарурдир. Бу борада аҳолининг
барча қатлами ўртасида, айниқса ёшлар орасида, соғлом турмуш тарзини тарғиб
қилиш, тартибсиз ва химояланмаган жинсий алоқадан сақланиш, тиббий муолажа
олаётганда тиббий анжомларнинг зарарсизлантирилганлигига ишонч ҳосил қилиш,
маиший хизматдан фойдаланаётганда(соч ва соқол олдираётганда, маникюр, педекюр,
татуаж) хизматда фойдаланилаётган асбобларнинг гигиеник тозалигига эътибор
қаратиш, ОИВ инфекциясининг юқишининг олдини олиш чора-тадбирларини ҳамда ёш
авлоднинг маънавий баркамоллигини юксалтиришимиз керак.