“Оила ва жамоа билан саёҳатга чиқиш куни” муносабати билан Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учун саёҳат ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 май кунидаги “2025-2026-йилларда сайёҳлар оқимини кескин кўпайтириш ва туристик хизматлар кўламини жадал кенгайтириш орқали туризмнинг иқтисодиётда бўлган ўрни ва аҳамиятини ошириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда ички ишлар вазирлигининг 2025 йил 4 июндаги тегишли кўрсатмасига асосан, 2025 йил июн ойидан бошлаб “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” бош ғояси асосида ички туризмни ривожлантириш дастурини амалга ошириш учун ҳар ойнинг иккинчи ҳафтасининг шанба ва якшанба кунлари “Оила ва жамоа билан саёҳатга чиқиш куни” этиб белгиланган.
Шу муносабат билан ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш ва ходимларнинг оилавий дам олишларини ташкил этиш орқали оилавий туризмни ривожлантириш мақсадида, Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учун ички туризм лойиҳаси доирасида, Термиз туманида жойлашган “Ал-Ҳаким ат-Термизий”, “Султон Саодат” тарихий обидаларига ва “Термиз тарих ва маданият музейи”га саёҳат ташкил этилди. Саёҳат давомида вилоят Ҳавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари ва соҳа мутахассислари томонидан ходимларга тарихий обидалар ҳамда музейда мавжуд экспонатлар тўғрисида малумотлар берилди.
Албатта бу каби ички туризм доирасида саёҳатларни мунтазам равишда ташкиллаштириб бориш, оилавий туризмни ривожлантириш билан бирга оиладаги барқарорликни, ҳамжиҳатликни, иноқликни мустаҳкамлашга қолаверса тизимда хизмат олиб бораётган ходимларга маънавий озуқа бериш, уларда ватанга муҳаббат, аждодларга, тарихимизга бўлган фахр туйғуларини оширишда муҳим аҳамият касб этади.