"Оила муқаддас даргоҳ, уни асраш авайлаш ҳаммани бурчи"
Инсон ҳаёти давомида энг яқини ва энг қадрлайдигани бу оила. Оила бу жамиятнинг энг кичик бўлаги ва унинг асоси ҳисобланади. Бизнинг миллий менталитетимизда оила муқаддаслиги, уни асраш кераклиги қон-қонимизга сингиб кетган.
Жорий йилнинг 26 май куни Шеробод тумани Маданият ва туризм бўлимида Оила ва хотин-қизлар туман бўлими, туман Адлия бўлими, туман Ички ишлар бўлими, Фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро суди, Шеробод туманлараро иқтисодий суди, Шеробод жомеъ масжиди ҳамда маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари билан ҳамкорликда тумандаги ажрим ёқасидаги 72 та низоли оилаларнинг муаммосини ўрганиш, улар билан суҳбатлашиб, ярашиш учун имкон бериш мақсадида “Ажрим ечим эмас” мавзусида учрашув ўтказилди.
Шундан сўнг ҳар бир оила билан алоҳида суҳбат ўтказилиб, уларнинг муаммолари ўрганилди. Энг ачинарлиси, ўртада норасида гўдаклар бўла туриб, оилани бузишга арзимайдиган сабаблар билан ҳам ажрашмоқчи бўлган жуфтликларнинг борлигидир. Суҳбатлар давомида 14 та оила яраштирилди ҳамда вакилларига тушунтиришлар, оилани сақлаб қолиш, оилавий муаммоларнинг ечими борасида таклиф ва тавсиялар берилди.