Одамларга меҳр-оқибат кўрсатиш бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим
Айни пайтда бутун дунё бўйлаб тарқалган коронавирус пандемияси жаҳон ҳамжамиятини ягона мақсад – касалликни енгиш йўлида бирлаштирди. Мамлакатимизда Президентимиз бошчилигида қабул қилинган тезкор қарорлар эса пандемиянинг салбий таъсирини камайтириш, халқимиз орасида кенг тарқалиб кетишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Сурхондарё вилоятида ҳам коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган тадбирлар кучайтирилган тартиб асосида амалга оширилмоқда. Бу жараёнда давлат ва нодавлат ташкилотлар, саховатпеша тадбиркорлар, санитария-эпедемиологик осойишталик маркази мутахассислари, тиббиёт ходимлари фаол иштирок этаётир.
Вилоят санитария-эпедемиологик осойишталик маркази томонидан ташкил этилган отрядлар Термиз шаҳри ва туманларда корхона, ташкилот ва ижтимоий соҳа объектларини мунтазам дезинфексия қилмоқда. Халқимиз қадимдан бошига ташвиш тушган паллада борини юртдошлари билан баҳам кўрадиган, оғир пайтларда улардан меҳр-мурувватини аямайдиган, ҳамиша элга суянч бўладиган саховатли инсонлардир.
Сурхондарё вилоятида давлат ва жамоат ташкилотлари, тадбиркорлар ва саховатпеша инсонлар эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаб, уларни бепул озиқ-овқат маҳсулотлари, ҳимоя ниқоби, антисептик воситалар билан таъминламоқда.
“Ҳунарманд” уюшмасининг Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан Термиз шаҳрида 18 та кам таъминланган оилалар ва 3 нафар эҳтиёжманд ногиронлиги бор ҳунармандлар хонадонларига рўзғор учун керакли озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
– Юртимизда касаллик билан боғлиқ ҳолатнинг аниқланиши барчамизни хавотирга тушмасдан, янада огоҳ бўлиш, белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий амал қилиш, оғир дамларда бир-биримизга елкадош, меҳр-мурувватли бўлишга чорлади, –дейди “Ҳунарманд” уюшмасининг Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи Муҳайё Жўраева. – Шу кунларда Термизда уюшмамиз аъзоси, фаол ҳунарманд Ўралтош Хуррамова билан биргаликда тиббий ниқоблар тикиб, аҳолига бепул тарқатишни йўлга қўйганмиз. Бу каби хайрли ишлар ҳунармандларимиз томонидан вилоятимизнинг бошқа туманларида ҳам амалга оширилмоқда.
Бундай эътибор, бағрикенглик бор жойда одамларнинг кўнгли кўтарилиб, ҳимояни ҳис қилиши ҳар қандай дарднинг олдини олишга ёрдам бериши шубҳасиз.