Музработнинг энг чекка ҳудудларидан бири бўлган "Боғи эрам" маҳалласи обод гўшага айланди
Президентимизнинг
топшириқлари асосида вилоятимиздаги энг оғир ҳудудлардан саналган 4 та маҳалла танлаб
олиниб, кенг кўламли ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари бошланган эди. Бугун ана
шу маҳаллалардан яна бири, Музработ тумани марказидан 35 км узоқликдаги “Боғи эрам”
маҳалласида ҳам қурилиш ва бунёдкорлик ишлари якунланиб, аҳолига фойдаланишга топширилди.
Маҳаллада “Обод
хонадон, обод кўча, обод маҳалла” дастури асосида 80 та хонадонни таъмирлаш, 1 км
давлат аҳамиятидаги, 1,7 км ички йўлларни асфалтлаш, 13,1 км тупроқ йўлларни тошлаш,
1 350 метр пиёдалар йўлаги қуриш, 7 та трансформатор пунктини таъмирлаш, 71 та темир-бетон
устунлар ўрнатиш, 4 км оқова сув тармоқларини қазиш, маҳалла учун янги идора ва
тикувичилик корхонаси ҳамда ҳудуддаги бешта маҳаллага кириб борувчи йўлда янги кўприк
қуриш ишлари амалга оширилди.
Дастур асосида бунёд
этилган, янгидан таъмирланган обектларнинг фойдаланишга топшириш тадбирида Сурхондарё
вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Президент давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари
Улуғбек Муҳаммадиев ҳамда вилоят ИИБ бошлиғи 3 сектор раҳбари Абдувоҳид
Исмоиловлар иштирок этишди.
Маҳалла аҳлини янгиланишлар
билан муборакбод этган вилоят ҳокими, “Меҳнат фахрийси”, “Табиат ҳимоячиси” ва
“Энг яхши тиббиёт ходими” кўкрак нишонларини ўз эгаларига топширди.
Шундан сўнг, маҳалла
аҳли учун қўшалоқ байрам шодиёнаси куй қўшиқларга уланиб кетди, тадбир давомида
Сурхондарё вилояти Ички ишлар органлари ходимларининг жанговар шайлик асосида
тайёрланган чиқишлари маҳалла аҳлининг она ватанга бўлган муҳаббатини янада
оширишга хизмат қилиб, улар қалбида шу ватанда яшаётганлигидан фахр ва ифтихор
туйғулари жўш урди.
Эндиликда Боғи эрамликлар
ҳам кўчалари равон, коммунал хизматлари барқарор бўлган, янгиланган маҳаллада ҳаёт
кечиришади.