14 Феврал 2022 йил 293

Музработдаги чегара олди маҳаллаларда ИИБ бошлиғи кубоги мусобақалари ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 19 январь кунидаги “Маҳаллада ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-92-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида Музработ туманининг чегара олди ҳудудларида жойлашган “Чегарачи”, “Файзобод”, “Гулистон”, “Боғи Эрам” ва “Моҳият” маҳаллаларида яшовчи уюшмаган ёшлар ўртасида спортнинг футбол, волейбол ва кураш турлари бўйича вилоят ИИБ бошлиғининг кубоги учун мусобақа ташкил этилди.

Миллионлар ўйини бўлган футбол мусобақасида 5 та маҳалла ёшлари қизғин баҳс олиб боришди. Натижага кўра эса энг кучли жамоа яъни “Файзобод” маҳалласи ёшлари ғалаба қозонди. Волейболда ҳам 8 та жамоа ўртасида “Гулистон” маҳалласи ёшларининг қўли баланд келди.

3 вазн тоифасида (70 кг, 80 кг ва мутлоқ вазн) ўтказилган кураш муссобақаси ҳам мухлисларнинг қўллаб-қувватлови остида ўтди. Беллашувларда 70 кг вазн тоифасида 3-ўринни “Халқ йўли” маҳалласидан Тўрақулов Рамзиддин, 2- ва 1- ўринларни “Гулистон” маҳалласидан Алланазаров Отабек ва Қулсоатов Махмудлар қўлга киритди. 80 кг вазн тоифасида 3-ўрин “Янгидиёр”лик Хўжамуродов Акбарга, 2- ва 1-ўринлар “Гулистон” маҳалласида яшовчи ёшлар Имомов Равшан ва Чориев Жонибекларга насиб этди. Мутлоқ вазн тоифасида эса 3-ўринни “Боғи Эрам” маҳалласидан Турсунов Илҳом, 2-ўринни “Файзобод” маҳаласидан Чориев Сардор қўлга киритди. “Гулистон” маҳалласида истиқомат қилувчи Бўтаёров Алимардон эса мутлоқ вазн бўйича юқори шоҳсупадан жой олди.

Тадбирнинг бадиий қисмида фаол қатнашиб, шеър айтиш ва қўшиқ куйлаш орқали йиғилганлар олқишига сазовор бўлган кўзи ожиз фуқароларга қимматбаҳо совғалар ҳам топширилди. Ташкилотчилар томонидан ташкил этилган ютуқли ўйинларда эса омадли рақам соҳибларига телевизор, уяли телефон ва чангютгич каби қимматбаҳо совғалар насиб этди.

         Тадбир доирасида спорт турлари бўйича юқори натижаларга эришган бир гуруҳ ички ишлар ходимлари уюшмаган ёшлар билан учрашиб, уларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

Тантанали ўтган тақдирлаш маросимида ғолиб ва совриндорларга ИИБ бошлиғининг кубок, медал, пул ва бошқа қимматбаҳо совғалари топширилди. Бундан ташқари, мазкур мусобақаларнинг ўтказилишида фаоллик кўрсатган “Гулистон” МФЙ ёшлар етакчиси Илёс Холмуродов ва “Боғи Эрам” маҳалласи ёшлар етакчиси Бегзод Музаффаров ташаккурнома ва 1 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирландилар.

Маълумот ўрнида, ўтказилган спорт мусобақаси давомида тумандаги 653 нафардан ортиқ уюмаган ёшлар қамраб олинди. Албатта, бу каби мусобақаларнинг ўтказилиши уюшмаган ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни оммавий спортга кенг жалб қилиш ва жиноятчиликни олдини олишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир. Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида ўтказилаётган ИИБ бошлиғи кубоги учун мусобақалар вилоят бўйлаб барча туман ва маҳаллаларда давом этади.

 Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech