25 Ноябр 2022 йил 253

Музработда “Ички ишлар боғи” ташкил этилди

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Сурхондарё вилояти 3-сектор раҳбари топшириғи ҳамда  Музработ тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи ташаббуси билан 3-сектор ҳудудидаги "Орият" маҳалласида қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқарилган 1 гектарга яқин ер майдонида боғ барпо этилди. Дастлаб, майдон қайтадан бутазорлар ва бегона ўт-ўланлардан тозаланди. Қишлоқ хўжалиги ва бошқа турдаги техникалар ёрдамида ернинг шўрланган қисми олиб ташланиб, 4 хилдаги 1000 дан ортиқ мевали дарахт кўчатлари экилди. Албатта, боғ яратиш учун кўчатларни экишда белгиланган меъёрларга амал қилинмаса, кўзланган натижага эришиб бўлмайди. Шу боис, дастлаб, Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи полковник А.С.Исмоилов кўчатларни оралиқ масофани сақлаган ҳолда, бир текисда экиш лозимлиги бўйича кўрсатма берди. Сўнг, кўчатларни ўтқазишда ўзи бош-қош бўлди.  Туман Ёшлар ишлари агентлиги ходимлари ҳам фаол иштирок этиб, кўмаклашишди.  Янги ташкил этилган боғда 400 дона бодом, 200 дона ўрик, 200 дона шафтоли, 200 дона олма дарахти кўчатлари ИИБ ходимлари томонидан ўтқазилди.

ИИБ раҳбари экилган кўчатларни қандай парвариш қилиш кераклиги бўйича ҳам ўз тавсияларини берди. Бу кўчатлар ўсиб, мўл-кўл ҳосил берадиган, кўрганнинг баҳри-дили яйрайдиган яшил маконга айланиши лозимлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, лойиҳа доирасида Музработ тумани 3-сектор ҳудудидаги “Янгиер” маҳалласида ҳам Музработ туман Ички ишлар бўлими бошлиғи ташаббуси билан қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқарилган яна бир гектардан зиёд жой яшил маконга айлантирилиши учун тайёрланди. Бу ерда 2023 йил февраль ойига 2000 донадан кўпроқ анор кўчати экиш кўзланмоқда. Шу боис, ҳудуд бутазорлар, бегона ўт-ўланлардан ва шўрланишдан тозаланди.

Ушбу хайрли иш кун келиб албатта мева беради. Ундан ҳудуд аҳолиси баҳра олиб, экканларнинг ҳақига яхши сўзлар айтишига шубҳа йўқ.

Text to speech