Музработ туманидаги корхоналар фаолияти ва янги лойиҳалар тақдимоти билан танишилди
Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов ҳудудларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, аҳоли турмуш фаровонлиги билан танишиш мақсадида Музработ туманига ташриф буюрди.
Ташриф давомида Музработ туманида “Алпомиш Сервис Инвест” хусусий корхонасининг йилига 200 млн дона бир марталик шприц ва бинт ишлаб чиқариш, “Surxon KSP-Grand” МЧЖнинг майдаланган қамиш хом ашёсидан КСП (ДСП) плиталари ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишилди.
Вилоят раҳбари корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни кўздан кечириб, маҳаллий эҳтиёжни таъминлаш ва экспортга йўналиштириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Шундан сўнг, вилоят ҳокимига Музработ туманида амалга ошириш режалаштирилган лойиҳалар тақдимоти қилинди. Жумладан, “Осиё дори” МЧЖ томонидан қуёш панелларидан электр станцияси ташкил этиш, “Bilol agro servis klaster” МЧЖ томонидан ип калава ишлаб чиқариш, “Оsiyo darmon servis” ХК томонидан инфузион система ишлаб чиқариш, “Жарқўрғон баракали ёғ” МЧЖ томонидан ун маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш лойиҳалари билан танишилди.
Вилоят ҳокими ҳар бир тақдимот иши билан батафсил танишиб, лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўзининг таклиф ва тавсияларини берди ҳамда масъулларга тадбиркорларнинг лойиҳаларини амалга оширишда яқиндан кўмаклашиш вазифаси юклатилди.
Шунингдек, вилоят раҳбари “SCT cluster sholi” МЧЖ томонидан амалга ошириш режалаштирилган Амударёнинг Музработ тумани ҳудудидан ўтувчи қисми қирғоқларидаги 20,1 минг гектар ер майдонида шоли етиштириш ва қайта ишлаш лойиҳаси тақдимоти билан танишиб, лойиҳани амалга оширишда мавжуд муаммоларни жойига борган ҳолда ўрганди. Масъулларга “SCT cluster sholi” МЧЖга лойиҳани амалга ошириш ва шоли майдонларини суғориш учун ариқлар қазиш ишларига кўмаклашиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шундан сўнг, вилоят раҳбари Музработ туманида 2019 йилда таъмирлаш ишлари бошланиб, бугунги кунга қадар охирига етказилмаган 2 та мактабгача таъим ташкилоти биноларини бориб кўрди. Туманнинг “Янги ҳаёт” маҳалласидаги 13-сонли ва “Шаффоф” маҳалласидаги 1-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотлари 2019 йилда “Обод марказ” давлат дастурига киритилиб, таъмирлаш ишлари бошланган. Иккала боғчада ҳам пудратчи қурилиш корхоналари томонидан бир қатор ишлар амалга оширилган. Бироқ ишлар тўлиқ молиялаштирилмаганлиги сабабли тўхтаб қолган.
Вилоят ҳокими масъулларга мавжуд ҳолатни ўрганиб чиқиш, қурилиш ишларини молиялаштириш ва таъмирлашни охирига етказиб, фойдаланишга топшириш бўйича чора-тадбирларни белгилаб берди.