Музработ туманида ўтказилган ватанпарварлик руҳида ўтказилган тадбирлар музработлик ёшларга ғурурланиш ҳиссини инъом этди
Жорий йилнинг
12 январь санасида ўтказилган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида
давлатимиз раҳбари томонидан мутасаддиларга ёшларни Ватанпарварлик руҳида
тарбиялаш, уларда бой маънавий мерос қадим урф-одат ва анъаналаримизни
сингдириш, аниқ мақсадига эга ақлан ва
жисмонан комил шахсни шакллантиришга йўналтирилган қатор вазифалар белгилаб берилган эди.
Ана шу
топшириқларни воҳамизнинг Музработ туманида амалга оширилишига масъул Сурхондарё
вилояти 3-сектори раҳбари вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник
Исмаилов Тимур Камалатдинович ташаббуси билан ҳудудда бир-бирини тўлдираётган
манзилли тадбирлар ташкил этилмоқда. Туманнинг
Юртим Жамоли маҳалласида ташкил этилган тадбирлар аввалида уюшмаган ёшлар томонидан Ўзбекистон
Республикаси давлат мадҳияси куйланди. Шундан сўнг оилаларда соғлом турмуш
тарзини тарғиб этишга йўналтирилган “Саломатлик учун беш минг қадам” акцияси
ўтказилди. Унда 500 дан зиёд маҳалла фуқаролари пиёда юриш марафонида иштирок
этишди. Ҳарбий оркестр жўрлигида Жанговар байроқнинг тантанали олиб чиқиш жараёни кишида беихтиёр
ғурур ва ифтихор туйғуларни бахш этади. Ватанпарварлик руҳидаги мусиқалар
аскарларнинг жангаворлигини оширадиган
қўшиқлари ёшларни Янги Ўзбекистон армияси сафларида ҳарбий хизматни
ўташга бўлган иштиёқини оширди. Ҳарбий хизматчиларнинг жанговор
чиқишларини томошабинлар ҳар доим фахр ва ҳаяжон билан кузатишади.
Сурхондарё вилоят ИИБ Алоҳида
вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди ходимлари ҳам жанговор тайёргарликлари
ва махсус воситалар, қуроллар кўргазмаси билан музработлик ёшларга ғурурланиш ҳиссини инъом этишди.
Ёшлар жам
бўлган даврада спорт мусобақаларига ҳам кенг ўрин берилди. Улар спортнинг
шахмат-шашка, аримреслинг, арқон тортиш, камондан ўқ узиш, тош кўтариш
мусобоқаларида ўз имкониятларини синовдан ўтказишди.
3-сектор кубоги
учун ўтказилган футбол беллашувларида тумандаги 14 та маҳалланинг футбол жамоа
вакиллари бирин-кетин ғолиблик учун майдонга тушишди. Муросасиз
баҳслар натижасига кўра биринчи, иккинчи, учинчи ўринларни эгаллаган “Юртим
Жамоли”, “Ат-Термизий ”, “Орият”
маҳалласи ёшлари сектор раҳбарининг
қимматбаҳо совғалари билан рағбатлантирилди. “Юртим Жамоли” маҳалласи ёшларига
эса кўчма кубок топширилди.
Спорт
беллашувлари кўчат экишдек ҳайрли ташаббусларга уланиб кетди. “Яшил макон”
умуммиллий лойиҳаси доирасида 300 дан ортиқ мевали ва манзарали кўчатлар
ўтқазилди. Ҳашарчи ва мусобоқа иштирокчилари учун ёзилган файзли
дастурхонга ош ҳам тортилди.
Кечга бориб дошқозонда сумалак қайнатилди. Катта гулхан
ёқилди, унинг атрофида санъат ва адабиётга ихлосманд маҳалла ёшлари жам бўлишиб ўз
иқтидорларини намоён этишди. Гулхан
атрофидаги оқшомда гитара садоси остида қўшиқлар куйланди бахшилар
жўрлигида мароқли маданий хордиқ олинди.