Мустақиллик шарофати билан аҳолига муносиб туҳфа топширилди
Мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрами арафасида ижтимоий соҳа ва бошқа объектларини фойдаланишга топширилиши анъанага айланмоқда.
Ана шундай объектлардан бири Шеробод тумани 3-сектор ҳудудидаги "Истиқбол" маҳалласида жойлашган 82-сонли Оилавий поликлиникасининг фойдаланишга топширилиши бўлди.
Бугун, 1-сентабр куни ушбу оилавий поликлиниканинг очилиш маросимида 3-сектор раҳбари, туман Ички ишлар бўлими бошлиғи подполковник Ў.Шукуров, туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари М.Чориев, туман Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи А.Собиров, тегишли масъуллар ва маҳалла фаоллари ҳамда тиббиёт ходимлари иштирок етишди.
Туман марказидан 26 км олисда жойлашган "Истиқбол" маҳалласидаги ушбу тиббиёт масканига 327 000 000 (уч юз йигирма етти миллион) сўм маблағ ажратилиб, пудратчи "Osiyo Qurilish Group" МЧЖ томонидан жорий йилнинг май ойида қурилиш ишлари бошланган бўлса, бугунги кунда эса мазкур объект Истиқлолимизнинг 30 йиллигига туҳфа сифатида капитал реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.
Эндиликда 50 ўринга мўлжалланган замонавий усулда жиҳозланган ушбу туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 82-сонли Оилавий поликлиникасида 3 нафар олий тоифали шифокорлар ҳамда 21 нафар ўрта тиббиёт ходимлари "Истиқбол" маҳалласида истиқомат қилувчи 3448 нафар аҳолисига тиббий хизмат кўрсатади.
Бу билан аҳолига шу ернинг ўзида тезкор бирламчи тиббий хизматдан фойдаланиш имконияти яратилди.
Тиббиёт муассасасини тантанали фойдаланишга топшириш маросимида аҳоли томонидан, муҳим муаммоларни ҳал этишда ва аҳолига қулайлик яратишдаги хизматлари учун Давлатимиз раҳбарига, сектор раҳбарларига чуқур миннатдорлик билдирилди.