Меҳр операцияси-4
Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг самараси ўлароқ Афғонистон Ислом Республикаси билан қўшничилик алоқалари тобора яхшиланиб, икки давлатнинг ҳамкор ташкилотлари ўртасида ижобий ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Сўнги йилларда ўчоқли ҳудуд ҳисобланган Сурия Араб Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикаларидан адашиб ёд ғоялар таъсирида халқаро террорчилик ташкилотларининг сафларида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини мамлакатимизга "Меҳр операцияси" доирасида ўз оилалари бағрига қайтарилиш ишлари амалга оширилиб, жаҳон ҳамжамияти олдида давлатимизнинг олиб бораётган сиёсати юксак баҳоланди.
Яқинда Афғонистон ва Покистон Ислом Республикаси ҳудудларида ташкил этилган халқаро террорчилик ташкилоти сафларига бориб қўшилиб, кейинчалик Афғонистон Ислом Республикасининг ҳудудига ўтган, шунингдек, ушбу ҳудудда яшаган шахсларнинг бир гуруҳи "Меҳр операцияси - 4" доирасида юртимизга олиб келинди.
Афғонистоннинг ҳамкор ташкилотлари кўмагида олиб келинган 24 нафар ана шундай шахслар Сурхондарё вилоятининг Термиз тумани ҳудудида жойлашган “Айритом” чегара пости орқали кутиб олинди ва тиббий кўрикдан ўтказилиб, вилоят ҳокимияти, Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси, вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамда соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарлари иштирокида Термиз туманидаги “Даволаш ва соғломлаштириш” маркази биносига жойлаштирилди. Мазкур “Даволаш ва соғломлаштириш” маркази барча шарт шароитларга эга бўлиб, шай ҳолга келтирилган.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати