25 Сентябр 2021 йил 1282

Меҳр нури ёғар доим юзингиздан устозлар, Юрсам дейман шу табаррук изингиздан устозлар...

Бугун мана шу сатрлар остида Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармасида “Маънавият ва маърифат” дарси бўлиб ўтди. Мавзу юзасидан Термиз Давлат Университети Ўзбек филологияси факультети, Ўзбек тилшунослик кафедраси катта ўқитувчиси Ботир Оқбўтаевнинг маърузаси тингланиб, 1-октябрь ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишлаб қилинган маърузада, ўқитувчилик касби ва мураббийларнинг шогирдлари олдидаги масъулияти, уларнинг давлат ва жамиятнинг ривожи учун қўшаётган улкан ҳиссалари ҳақида тушунчалар ва таърифлар берилди.
Ҳар соҳада бўлгани каби ички ишлар тизимларида ҳам таълим даргоҳлари мавжудлиги, уларда ўқитувчилар, доктор ва профессорлар, академиклар фаолият олиб бораётганлиги таъкидланди. Ўқув дарси давомида, маърузачини бошқарма раҳбарияти яқинлашиб келаётган касб байрами билан табриклаб, Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармасида илк тақдимоти кутилаётган полковник Абдуғофур Сатторовнинг қаламига мансуб “Эл-юрт осойишталиги генераллари” номли китоб совға қилинди.
Шундан сўнг, ушбу китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Мазкур китоб тақдимоти- узоқ йиллар ички ишлар органлари тизимларида самарали фаолият юритган, ҳозирги кунда Сурхондарё вилояти ИИБ Фахрийлар кенгаши раиси лавозимида хизмат қилаётган истеъфодаги подполковник Эркин Қодиров томонидан қилинди.
Китобда, ички ишлар органларида кўп йиллар самарали фаолият юритган, турли мураккаб даврлар, қалтис вазиятларда ўз жонини аямасдан, мамлакатда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашишга муносиб ҳисса қўшган фидоий ходимларнинг ибратли ҳаёти ва фаолиятини бугун ички ишлар органларида хизмат олиб бораётган ходимларга етказиш, ички ишлар органларининг бой тарихини ўрганиш, ижобий анъаналарини тарғиб қилиш орқали уларда она Ватанга садоқат, ўз касбидан фахрланиш туйғуларини шакллантириш муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, ёш ходимларнинг ҳар томонлама етук бўлиб, камолга етишида тажрибали устозларнинг ҳаёти ва хизмат фаолиятини ўрганиш фойдадан ҳоли бўлмайди.
Шуни эътиборга олган ҳолда, китобда ички ишлар органлари тизимида хизмат қилиб, генерал унвонига сазовор бўлган ходимларнинг ҳаёти ва хизмат фаолияти ҳақида қисқача ҳикоя қилинади. Мазкур китоб ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва кенг жамоатчиликка мўлжалланганлиги эътироф этилиб, аввало ҳар бир ички ишлар органлари ходимлари маънавияти етук комил инсон бўлишлиги учун ўз устида тинимсиз ишлаб ўқиб ўрганиш лозимлиги қайд этилди.

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech