1 Март 2021 йил 898

Махсус тайёргарлик дарслари

Жануби-Ғарбий Махсус ҳарбий округи Жанубий оператив қўмондонлиги Термиз шаҳридаги 11506-ҳарбий қисмда Сурхондарё вилояти Ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини бевосита амалга оширувчи ходимлари учун ўқув курслари ташкил этди.
Термиз шаҳрининг «Хавфсиз шаҳар» концепциясига асосан ҳамда криминоген вазиятдан келиб чиқиб, ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш учун қўшимча патруллик гуруҳларига хизматга жалб этиш мақсадида ташкил этилган ихтисослаштирилган ўқув курсларида 60 нафар ИИБ ходими 14 кун давомида жисмоний, жанговар ва саф тайёргарлиги бўйича кўникмаларини оширди.
Куннинг биринчи ярмида соат 09:00 дан 16:00 гача назарий ва амалий ўқув машғулотлари ўтказилган бўлса, куннинг иккинчи қисмида соат 16:00 дан 22:00 гача Термиз шаҳри ҳудуди бўйлаб 30 та йўналишда 60 нафар ходим жамоат тартибини сақлаш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича хизмат ўташга жалб этилди. Асосан, шаҳар худудидаги фуқаролар гавжум маҳаллалар, кўчалар ҳамда жамоат жойларида жамоат тартибини сақлаш, жиноятчилик ва хуқуқбузарликларни олдини олиш, ёнғин, йўл ҳаракати ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш бўйича йўналишларда хизмат олиб боришди ва тажриба алмашишди.
Курс қатнашчилари ҳудудий профилактика инспекторлари билан бирга ҳисобда турган шахслар билан профилактик суҳбатлар ҳам олиб боришди.
Курс якунида иштирокчи ходимларга махсус сертификатлар топширилди.
ИИБ ходимларининг билим ва малакасини оширишга қаратилган бундай ўқувлар режага мувофиқ, кейинги гуруҳ тингловчилари билан давом эттирилмоқда.

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech