28 Май 2024 йил 470

“Матбуот уйи”да ўтказилган матбуот анжуманида, Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасидаги ислоҳотлар таҳлил қилинди

Аввал хабар қилганимиздек, бугун Термиз шаҳридаги “Матбуот уйи” биносида "Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда ислоҳотлар натижасида фуқаролар учун яратилган имконият ва шароитлар" мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Сурхондарё вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ва соҳа ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар иштирок этди. 

Дастлаб, Сурхондарё вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи, майор Ҳусниддан Халлиев бошқарма ва унинг шаҳар-туман бўлинмалари томонидан 2024 йилнинг 4 ойида амалга оширилган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берди. Таькидландики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 сентябрдаги ПФ–6065-сон Фармонига мувофиқ вилоятда 74.428 нафар фуқарога идентификацияловчи ID-карталари расмийлаштирилган. (маълумот учун: 2021 йилдан шу даврга қадар жами 407.991 нафар фуқароларга идентификацияловчи ID-карталар расмийлаштириб берилган.)

Шунингдек, Ўзбекистон республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 31 июлдаги «Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш, шунингдек, автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва давлат рақами белгиларини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги 321-сонли қарорига асосан 2023 йил 1 декабр кунидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш жойига бориб идентификацияловчи ID-карта расмийлаштириш тартиби жорий этилиб, Call марказ (71-200-00-24) ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги ПФ–5156-сонли Фармони ва 2018 йил 26 декабрдаги ПҚ–4079-сонли Қарорига асосан 2019 йилнинг 1 январидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун чет элга вақтинча чиқиш рухсатнома ёзуви стикери расмийлаштириш тартиби бекор қилиниб, унинг ўрнига Ўзбекистон фуқароларига хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштириш жорий этилган. Шу асосда ўтган даврда 550 минг 454 нафар фуқарога хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштириб берилган.

Шунингдек, 2022 йилдан бошлаб хорижга чиқиш биометрик паспорти давлат хизматлари маркази томонидан ҳам расмийлаштирилиши йўлга қўйилиб, ҳозирги кунда вилоятимизнинг 9 та шаҳар ва туманида фаолият юритмоқда. Келгусида бу хизмат барча туман давлат хизматлари марказларида йўлга қўйилиши кўзда тутилган.

   Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил      16-июндаги ПҚ-282-сонли қарор билан бу йўналишда бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар юз берди. Жумладан;

      - ариза анкета тўлдириш тартиби бекор қилиниб, электрон ариза шакллантирилади.

      -27 ёшга тўлмаган фуқаролардан ҳарбий хизматга мажбурлиги ҳақида маълумотнома талаб қилиш тартиби бекор қилинган.

      -вояга етмаган шахсларнинг ота-онаси бир вақтда ИИБМваФРБга келганда улардан розилик ариза олиш тартиби бекор қилиниб, тилхат олиш амалиёти жорий этилган.

-1,2-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган бўлса, давлат божини тўшлаш имконияти 50 фоиз этиб белгиланган.

Ўзбекистон Республикасининг 13.03.2020 йилдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида”ги ЎРҚ–610-сонли Қонуннинг 19-моддаси тартибида 2016 йилнинг декабрь ойидан ҳозиргача Ўзбекистон Республикаси Президентининг 97 та Фармонига асосан жами 1.365 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган.

Бу рақамлар йиллар кесимида таҳлил қилинганида 2016 й. – 11 нафар, 2017 й. – 12 нафар, 2018 й. – 68 нафар, 2019 й. – 166 нафар, 2020 й. – 603 нафар, 2021 й. – 252 нафар, 2022 й.  – 66 нафар, 2023 й. – 124 нафар,  2024 й. – 63 нафар шахс Ўзбекистон фуқароси паспортини олган.

Матбуот анжумани да иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

Text to speech