29 Август 2024 йил 460

Марказий Осиёда биринчи халқаро савдо маркази- “Airitom free zone” фаолиятини бошлади.

Бугун Ўзбекистон Республикаси ва Марказий Осиёдаги биринчи эркин савдо зонаси “Airitom free zone”нинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Афғонистон Бош вазири вазифасини бажарувчи Абдул Ғани Бародар, Озарбайжон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Шахин Мустафаев, Қирғиз Республикаси иқтисодиёт ва савдо вазирининг ўринбосари Назарбек Малаев, Қозоғистон Республикаси савдо ва интегратсия вазирининг ўринбосари Қайрат Торебаев ҳамда ҳукумат вакиллари, шунингдек, ўзбек ва афғон томонининг йирик ишлаб чиқарувчилари, тадбирлари иштирок этди.

Мазкур эркин савдо зонаси Сурхондарё вилояти Термиз туманида, Ўзбекистон ва Афғонистон чегарасида жойлашган бўлиб, қиймати 70 млн АҚШ долларни, умумий майдони 36 гектарни ташкил этади. Ҳудудда “Hilton Garden Inn” меҳмонхонаси, “Akfa Medline” замонавий тиббиёт клиникаси, “Central Asia University” бизнес мактаби, йирик савдо ва хизмат кўрсатиш маркази, ресторанлар, хостел ҳамда йилига 900 минг тонна юк айланмаси қувватига эга логистика маркази ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари жамланган.

Халқаро эксперт ва мутахассислар фикрига кўра “Airitom free zone” эркин савдо зонасига йилига 1,5 миллион ташриф буюрувчилар келиши ҳамда йиллик савдо айланмаси қарийб 1 млрд долларга етказиш салоҳияти мавжудлигини қайд этишган. Шунингдек, зонада барча давлат фуқароларининг 15 кун давомида Ўзбекистонга кириш визасини расмийлаштирмасдан кириш ва чиқиш имконияти, савдо ва хизматларни сотишда мультивальюта тизими ва марказ ҳудудига келувчи товарларни “божхона тўловларисиз” жойлаштириш режими жорий этилган.

Тантанали тадбирда Бош вазир Абдулла Арипов ва Афғонистон муваққат ҳукумати раҳбари вазифасини бажарувчи Абдул Ғани Бародар сўзга чиқиб, халқаро эркин савдо зонаси нафақат икки мамлакат, балки, Марказий Осиё давлатлари ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, ўзаро товар алмашишда муҳим зонага айланишини ҳамда “Карачи-Термиз-Тошкент-Қозоғистон-Россия” янги транспорт коридорининг муҳим участкаси бўлиб, Ҳинд океанига чиқиш имконини беришини таъкидлади.

Text to speech