“Маънавият ойлиги” доирасида Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармасида “Уч авлод” учрашуви ўтказилди.
Тарихга назар солмасдан, келажакка боқиб бўлмайди. Бинобарин, инсонни инсон этиб тарбиялашда энг яхши восита бу тарих деб бежизга айтилмаган. Кексаларимиз эса тирик тарихимиздир.
Ички
ишлар вазирининг 2025 йил 24 мартдаги тегишли фармойишига асосан, жорий йилнинг
1 апрель кунидан 30 апрель кунига қадар ички ишлар органларида “Маънавият
ойлиги” деб эълон қилинган.
Шу
муносабат билан, мазкур фармойишда белгиланган дастур асосида, жорий йилнинг 07 апрель куни вилоят ички ишлар
бошқармаси шахсий таркиби ва фахрийлари иштирокида “Халқимизнинг хавфсизлиги,
тинчлиги ва осойишталигини сақлаш энг устувор вазифамиз!” шиори остида “Уч
авлод” учрашуви ўтказилди.
Учрашувда,
дастлаб вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари подполковник Шерзод Шадиев сўзга чиқиб,
жонажон Ўзбекистонимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, миллатлараро
тотувлик, бағрикенглик муҳитини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, Ўзбекистон
тараққиёти йўлида бир муштга жипслашиб, давлатимиз раҳбарига таянч ва суянч
бўлиб хизмат қилиш, келгуси авлодларни шу руҳда камол топтириш муқаддас бурч
эканлигини таъкидлаб ўтди.
Шундан
сўнг, вилоят ИИБ фахрийлар кенгаши аъзоси истеъфодаги майор Бўри Шодиев сўзга
чиқиб, узоқ йиллик мазмунли ҳаёти ва меҳнат фаолияти давомида тўплаган бой
тажрибалари, хизмат давридаги ўзига хос қийинчиликлар ва машаққатлар ҳақида
сўзлаб, бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан нуронийлар қолаверса ички ишлар
органлари ходимлари учун яратилаётган шар-шароитлардан оқилона фойдаланиш
кераклиги, эл-юрт равнақи йўлида мамлакатимиз раҳбарига яқин кўмакчи,
камарбаста бўлиш лозимлиги, фахрий устозлар тизимида хизмат олиб бораётган ёш
ходимлар учун доимий равишда масъул эканликларини таъкидлаб ўтдилар.