4 Сентябр 2023 йил 596

Мактабларда биринчи қўнғироқ тадбирлари бўлиб ўтди

Бугун юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Музработ туманидаги 31-умумтаълим мактабида ҳам "Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун!" шиори остида биринчи қўнғироқ тадбири бўлиб ўтди. Унда вилоят ИИБ бошлиғи, полковник А.Исмоилов иштирок этди. Сўзга чиққан А.Исмоилов таълим соҳасидаги ўзгаришларга тўхталди. Айтиш керакки, охирги 6 йил давомида вилоятда 80 тага яқин мактаблар ва махсус фанларга ихтисослашган таълим муассасаларининг қурилиб, фойдаланишга топширилиши натижасида ўқувчилар сиғими 38 мингдан 52 мингдан ортиқ сиғимга айлантирилди.

Бундан ташқари, педагог ходимларнинг 34 минг нафардан 45,7 минг нафарга етказилиши, мактаб кутубхоналари сонининг 102 тага кўпатирилиши, ундаги китоблар сонини 577 минг тага оширилиши, 918 та мактабларнинг тўлиқ компьютер жамланмаси билан таъминланиши, 633 та мактабларда спорт залларини қайта реконструкция ёки янгидан қурилиши каби бир қанча имконият ва шароитлар давлатимиз раҳбари томонидан илмга чанқоқ ўқувчи-ёшлар учун яратиб берилмоқда.

Мисол учун, 2023 йилда мактаб таълими тизимидаги жами 130 та умумтаълим мактабларида қурилиш-тиклаш ишлари амалга оширилмоқда.

Мактабларни ўқув йилига тайёрлаш учун жами

306,3 млрд. сўм маблағ ажратилган.

Шу кунга қадар булардан, инвестиция дастури асосида 35 та мактаб, яъни, 2 та янги қурилган, 33 та реконструкция қилинган мактаблар фойдаланишга топширилди.

Шунингдек, 37 та умумтаълим мактаблар лаборатория жиҳозлари, 110 та мактаб замонавий компьютер техникалари, 158 та мактаб 1 минг 19 квт қувватли  қуёш электр панеллари билан таъминланди.

Ҳозирда ташаббусли бюджет асосида 95,9 млрд. сўм маблағ эвазига 95 та мактабларда қурилиш таъмирлаш ҳамда моддий-техник базасини яхшилаш ишлари олиб борилмоқда.

Айни вақтда вилоятда 948 та мактабларда 2022-2023 ўқув йилида 1-синфга 60 мингга яқин ўқувчилар қабул қилиниши эвазига мактабларда 525 мингга яқин ўқувчилар таълим олмоқда.

Ўқувчиларга яратиб берилган шарт-шароитлар, ёшларни нафақат туман ёки вилоят балки, республика миқёсидаги турли кўрик-танловлар, спорт мусобақалари, интелектуал ўйинлар, беллашувлар каби танловларда иштирок этиб, юқори натижаларга эришганлиги келгусидаги режаларимиз ва мақсадларимизни бардавом қўйишга замин яратади.

Жумладан, спорт соҳасида вилоятдаги умумтаълим мактабларида таҳсил олувчи ўқувчи-ёшлар томонидан жорий йилда Жаҳон, Осиё, Халқаро, Ўзбекистон чемпионати ва кубокларида 59 та олтин, 57 та кумуш, 122 та бронза медаллар қўлга киритилди.

Бундан ташқари, жорий йилда асосий фан олимпиаданинг Республика босқичида вилоятимиздан 4 нафар ўқувчиларимиз ғолибликни қўлга киритиб, шундан 2 нафари 1-ўрин, 1 нафари 2-ўрин, 1 нафари 3-ўринни эгаллади.

Ғолибларнинг устозлари тегишлича бир марталик пул мукофотлари билан мукофотланди. Бу ютуқлар албатта азиз устозларимизнинг машаққатли меҳнатлари ва изланишларининг самарасидир.

 

Энг қувонарли жиҳати, 274 нафар 11-синф ўқувчиларимиз муддатида олдин олий таълим муассасаларига кириш имкониятини қўлга киритишди. Ушбу натижалардан кўриниб турибдики, юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби халқ таълими тизимида ҳам ислоҳотлар давом этаяпти.

Буларнинг барчаси, аввало юртимиз тинчлигининг самараси бўлса, иккинчидан ўғил-қизларимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмай баркамол бўлиб улғайиши йўлида қилинаётган саъй-ҳаракатлар намунасидир.

Шулар ҳақида сўзлар экан 31-мактаб ўқувчиларининг ютуқларини ҳам санаб ўтди. Ушбу таълим муассасасида, 2022-2023 ўқув йилида, 24 нафар ўқувчилар мактабнинг 11-синфини тамомлаб уларнинг 9 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирди. Жорий йилни битирувчиларидан 1 нафари муддатидан олдин талабаликка қабул қилинди, фан олимпиадаларида фаол қатнашиб, 4 нафари туман босқичида фахрли 1,2,3 ўринларни қўлга киритиб, вилоят босқичига фаол иштирок этгани алоҳида таъкидланди.

Тадбирда А.Исмоилов барча ўқувчи ва устозларни Мустақиллигимизнинг 32 йиллиги байрами билан табриклаб, янги ўқув йилини янги шижоат билан бошлашлари учун самимий тилак бирдирди.

Шундан сўнг, биринчи қўнғироқ чалиниб, мустақиллик дарслари бошланди. Вилоят ИИБ бошлиғи А.Исмоилов томонидан ҳам битирувчи синф ўқувчиларига мустақиллик дарси ўтиб берилди. Унда мустақиллик йилларида амалга оширилган ислоҳотлар, кеча ва бугунги ҳаётимиздаги ўзгаришлар ҳақида ҳаётий мисоллар ҳақида сўз борди.

Text to speech