Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш бўйича янги ёндошув ва тажрибаларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди
Жорий йилнинг 25 август куни Сурхондарё вилоят ҳокимлиги катта мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Бахриддин Валиев ва вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов раҳбарлигида маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш бўйича янги ёндошув ва тажрибаларни жорий этиш, вилоятда мавжуд криминоген вазият аҳволи видеоселектор тарзида муҳокама қилинди.
Марказий студиядан вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ижтимоий соҳа ва тегишли идоралар, шаҳар ва туманлар секторлари раҳбарлари, шунингдек, ҳудудий студиялардан тизим ташкилотлари масъуллари иштирок этди.
Муҳокама аввалида Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Бахриддин Валиев Президентимиз топшириғи билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан Сурхондарё вилоятида ўтказилган ўрганиш натижаларини ўқиб эшиттирди ва аниқланган камчиликларни санаб ўтди.
Аниқланган камчиликлар, йўл қўйилган хатолар юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари тингланди. Маҳаллаларда “Ижтимоий профилактика” бўйича маҳалла “бешлиги”нинг кунлик фаолиятини янгича тизимда давом эттириш, “Сектор раҳбари – маҳалла бешлиги” тамойилига асосан йўлга қўйилган амалий механизмнинг самарадорлигини ошириш, аҳоли, айниқса, аёллар, ёшлар, вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини тизимли олиб бориш бўйича вазифалар белгилаб берилди.