Кучлилар беллашишди
Термиз шаҳридаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида Сурхондарё вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари ўртасида спортнинг қўл жангги якка кураш тури бўйича вилоят биринчилиги мусобақаси бўлиб ўтди.
Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳудудий бошқармаси, Давлат хавфсизлик хизмати, божхона бошқармаси, Термиз халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш алоҳида батальони хизматчилари, шунингдек, вилоят давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари Жанубий марказий округ қўмондонлигининг соҳавий хизматлари ходимлари иштирок этган беллашувлар кескин ва муросасиз баҳсларга бой ўтди.
Мусобақа 8 вазн тоифасида ўтказилди. Унда 100 нафарга яқин ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари ўзаро куч синашишди.
Мусобақа якунига кўра умумжамоа ҳисобида вилоят ички ишлар бошқармаси биринчи, Миллий гвардия жамоаси иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, учинчи ўрин Давлат хавфсизлик хизмати спортчиларига насиб этди.
Энг моҳир ва чаққон ходимлар ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати