29 Апрел 2024 йил 522

“Китобхонлик ҳафталиги” доирасида Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси ходимлари учун Ахборот ресурс марказига саёҳат ҳамда “Китоб ярмарка”си ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 декабрь кунидаги “2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги 781-сон Қарори ҳамда Ички ишлар вазирлигининг 2024 йил 19 апрель кунидаги тегишли фарймойишига асосан “Ўзбекистон-2030” стратегиясини амалга ошириш доирасида Ички ишлар органларида хизмат қилаётган ёш ходимларнинг китобхонлик маданиятини ривожлантириш, тизимда фаол китобхонлар сафини кенгайтириш мақсадида жорий йилнинг 22-27 апрель кунлари “Китобхонлик ҳафталиги” деб эълон қилинди.

Шу муносабат билан, Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати ходимлари томонидан, вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари учун ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг сара дурдона асарларидан иборат “Китоб ярмаркаси” ташкил этилди.

Шундан сўнг, Ички ишлар органлари тизимида хизмат олиб бораётган ходим ва ходималар билан биргаликда Термиз шаҳрида жойлашган “Адиб Собир Термизий” номидаги марказий ахборот ресурслар маркази (кутубхона)га ташриф буюришди. Бундан кўзланган асосий мақсад ички ишлар органлари ходимлари ўртасида китобхонлик маданиятини ривожлантириш, уларни китоб ўқишга бўлган қизиқишларини янада оширишдан иборат. Ташриф давомида ходимларга кутубхона масъул ходимлари томонидан кутубхона тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.

Шундан сўнг илмга чанқоқ вилоят ички ишлар органлари ёш ходимлари мазкур кутубхонада мавжуд адабиётлар билан танишиш имкониятига эга бўлибгина қолмай кутубхонанинг доимий китобхонига ҳам айланишди. Вилоят ички ишлар органларининг ёш ходимлари шу ернинг ўзида кутубхонага аъзо бўлишиб, уч йил давомида ушбу даргоҳга келиб, ўзларини қизиқтирган адабиётларини олиб ўқиш имкониятига эга бўлдилар. Бу каби тадбирлар тизимда хизмат қилиб келаётган ходимларда улкан таассуротлар уйғотибгина қолмасдан, уларнинг келгусидаги хизмат фаолиятида юксак маънавиятли кадр бўлиб етишишида ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Бу каби китобхонлик тадбирлари вилоятнинг барча шаҳар-туман ички ишлар бўлимларида уюшқоқлик билан ташкил этиб келинмоқда.

Text to speech