Кечиримлилик - халқимизга хос фазилат
Адашганни тўғри йўлга бошлаш, кечиримлилик халқимизга хос азалий қадриятлардан. Айниқса, билиб-билмай, эҳтиётсизлик ортидан содир этган жинояти учун жазо муддатини ўтаётган шахсларни кечириш, уларда эркин ҳаётга кўникма ҳосил қилиши учун мамлакатимизда бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Денов туманида ЖИБ Денов тумани суди томонидан ўтказилган сайёр судда туман ИИБ Пробация ҳисобида турган жазо муддатини ўтаётган 37 нафар маҳкумнинг ўталмай қолган жазоси Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан олдин шартли равишда озод қилиниши ана шундай хайрли ишларнинг давоми бўлди.
Бу орқали ҳукуматимиз томонидан ғамхўрлик кўрсатилаётган маҳкумлар жамиятнинг соғлом муҳитига қайтиб, оиласи бағрида муносиб ҳаёт кечириши учун берилган бу имкониятдан унумли фойдаланишларига ишонч билдирилди.
Шунингдек, Денов тумани ИИБ Пробация гуруҳи ҳисобида жазо муддатини ўтаётган ишсиз маҳкумларни иш билан таьминлаш мақсадида Меҳнат ярмаркаси ўтказилиб, уларнинг 3 нафари ишга жойлаштирилди ва 2 нафарига касбга ўқитиш учун йўлланма берилди.