9 Апрел 2020 йил 784

Карантин: йўловчи қоидабузарлар карантинга олинди

Жорий йилнинг 3 апрель куни тахминан соат 11-30лар чамасида, Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси Патруль-пост ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси Патруль-пост хизмати ходими томонидан, Термиз шаҳрида юк автомобилида ўз манзилига етиб олмоқчи бўлган сурхондарёлик йўловчилар карантин қоидасини бузганлиги аниқланди.
“ИСУЗУ” русумли юк машинасида ҳайдовчи Тошкент шаҳридан Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрига йўл олади ва ушбу юк машинасига саккиз нафар сурхондарёлик фуқароларни ҳар биридан 50 минг сўм эвазига олиб келади.
Айни пайтда ушбу ҳолат юзасидан Термиз шаҳар бўйича Ички Ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан суриштирув ишлари олиб бориляпти. Саккиз нафар ноқонуний йўловчиларга нисбатан эса маъмурий баённомалар тузилиб, улар вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига карантинга олинди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида 27 мартдан бошлаб вилоятлараро транспорт қатнови тўхтатилган, бироқ бу чеклов юк машиналарига нисбатан қўлланилмайди. Шунингдек, 30 мартдан шахсий автомобилда махсус рухсатномасиз ҳаракатланиш тақиқланган.
Азиз фуқаролар, карантин қоидаларига қатъий риоя қилинг ва уйда қолинг!
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech