24 Июн 2021 йил 535

Жойларда Сурхондарё вилояти 3-сектор раҳбари томонидан даромад манбаининг “Ўсиш нуқтаси” ўрганилмоқда

Давлатимиз раҳбарининг ”Маҳаллабай” ишлаш тизимини жорий этиш, маҳаллаларда даромаднинг “ўсиш нуқталари"ни аниқлаш борасида қилинаётган ишлар билан танишиш мақсадида, Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи полковник Абдувоҳид Исмоилов Шеробод тумани 3-сектор ҳудудидаги Қуллиқшо ва Гуржак-1 маҳаллаларига бориб хонадонларга уйма-уй кириш орқали, аҳолининг дармадларини икки ҳиссага ошириш бўйича хонадон эгалари билан учрашди.
Учрашув давомида, Қуллиқшо маҳалласида истиқомат қилувчи аҳолининг асосий қисми чорвачилик билан шуғулланиши ҳисобга олиниб, чорвачиликка ихтисослаштириш белгилаб олинди.
Гуржак-1 маҳалласида яшовчи Зуҳриддин Фахриддинов яшаш уйида товуқ инкубаторини ўрнатиб, жўжа кўпайтириш билан шуғулланаётганлиги ҳамда унинг қўшниси Қаршиев Довуд ҳам шу турдаги тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётганлиги ўрганилиб уларга тегишли тавсиялар берилиши билан биргаликда, имтиёзлар ҳақида ҳам тушунчалар берилди.
Мазкур маҳаллаларда истиқомат қилувчи бошқа хонадонларда ҳам паррандачилик билан шуғулланиш истаклари борлиги аниқланиб, Гуржак-1 маҳалласи драйвери этиб паррандачилик белгиланди. Ҳар бир хонадонга 100 тадан парранда боқиш бўйича йўл харитаси тузилди.
Маҳаллабай тизим асосидаги хонадонларга бирма бир кириш орқали ўрганиш ишлари давомида қуёнчилик билан шуғулланиб келаётган хонадонлар ҳам кўздан кечирилди.
Жойларда, Сурхондарё вилояти 3-сектор раҳбари томонидан аҳоли даромад манбаининг “Ўсиш нуқтаси”ни ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech