27 Сентябр 2023 йил 586

Қизириқ туманида тунги хизматга жалб этилган шахсий таркибнинг фаолияти ўрганилди

Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 2023 йил 13 сентябрь кунидаги  тегишли Фармойишига асосан, ҳудудларда ҳар куни тунги хизматга жалб этилган шахсий таркибнинг хизмат фаолияти самарадорлигини ўрганиш бўйича қатор манзилли ишлар амалга оширилди.

Жумладан, Бошқарма бошлиғи ўринбосари подполковник Ш.Шодиев томонидан вилоят ҳудудида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, жамоат тартиби ва хавфсизлигини сақлаш, йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш борасида ишларни самарали ташкил этиш мақсадида вилоятнинг Қизириқ туманида тунги хизматга жалб этилган шахсий таркибнинг фаолияти текширилди.

Дастлаб, туманнинг “Дўстлик” маҳалласи ҳудудида шартли содир этилган жиноят бўйича берилган чақирувга асосан воқеа жойига етиб келган тергов-тезкор гуруҳининг хатти-ҳаракатлари баҳоланди. Сўнгра, туман ИИБда ўтказилган текширув давомида тунги навбатчилик хизмати, масъул раҳбар ва тергов-тезкор гуруҳи аъзолари хизмат олиб бориши назорат тартибида текширилиб, уларнинг фаолиятига доир кўрсатма ва йўриқнома берилди.

Туман ИИБда мавжуд сўровхонада яратилган шароит, унинг фаолияти олиб келинган фуқароларни қайд этиш тартиби ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатма ва қўшимча йўриқнома берилди.

Туман Тиббиёт бирлашмаси қошида ташкил этилган алькогол мастлик ҳолатида бўлган шахсларни реабилитация қилиш бўлинмасининг тунги фаолияти ҳам ўрганилиб, муассасада хавфсизлик ва қўриқланишини таъминлаш, тиббиёт ходимларининг иш тартиби ва жараёнлари, улар билан суҳбат давомида амалга оширилаётган ишларнинг натижадорлиги муҳокама қилинди.

Қизириқ тумани ҳудудида тунги хизматга жалб этилган шахсий таркибнинг хизмат фаолияти жойларга чиққан ҳолда ўрганилди. Жумладан, туманнинг “Работак” ва “Зарбдор” маҳаллаларида бўлиб, тунги хизматни олиб бораётган “Работак” маҳалласида 4 нафар ИИБ ходимлари ва 2 нафар жамоатчилик вакилларининг ҳамда “Зарбдор” маҳалласида 8 нафар ИИБ ходимлари ва 2 нафар жамоатчилик вакилларининг ҳамкорликдаги фаолияти текширилди. Уларга хизмат олиб бориш бўйича қўшимча йўриқнома берилди. Жамоатчилик ва аҳоли вакиллари билан мавжуд муаммолар бўйича суҳбат ўтказилди.

Шу билан бирга, туманнинг “Шодлик” маҳалласида жойлашган “Агробанк” АТБ Қизириқ филиалида қўриқлаш тизимининг ташкил этилганлиги ўрганилиб, Миллий гвардия қўриқлаш бўлинмалари тезкор ҳаракатланувчи гуруҳларининг шайлиги ва тезкорлиги текшириш мақсадида банк биносига шартли хужум тўғрисида берилган хабарга асосан уларнинг воқеа жойига етиб келиши ва тезкорлик билан амалга оширган хатти-ҳаракатлари баҳоланди.

Туман ҳудудида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан тунги пайтда ҳуқуқбузар ва мастлик ҳолатида бўлган хайдовчиларни аниқлаш ҳамда мақсадсиз ва ҳужжатиз юрган транспорт воситалари бўйича кенг қамровли рейд тадбирлари  ҳам ўтказилди.

Text to speech