Инсон-инсонийлигини йўқотса жиноятга қўл уради
Жарқўрғон туманида, 2021 йилнинг 7 март куни туманнинг “Халқобод” маҳалласида яшовчи, М.С. туман ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, унда 4 март кунидан 5 март кунига ўтар кечаси, номаълум шахслар ҳовлисида жойлашган молхонасидан ҳар бири 1.500.000 (бир миллион беш юз минг) сўмлик 33 (ўттиз уч) бош қўй-қўзиларини ўғирлаб кетганлигини маълум қилган. Ички ишлар органлари ходимлари томонидан кўрилган тезкор чоралар натижасида, ушбу ўғирлик жиноятини Қумқўрғон туманида яшовчи, илгари ўғирлик қилиб, жиноий жавобгарликка тортилган А.Н. содир этганлиги аниқланиб ушланган ва ашёвий далил олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан, 9 март куни А.Н.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “б,г” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Илгари қилган қилмишларидан тўғри хулоса қилмаган А.Н. такрор қилган жинояти учун одил судлов олдида боши эгик ҳолда жавоб беришига тўғри келади.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати