30 Октябр 2024 йил 507

Қинғир ишнинг миси чиқди

Афғонистон Ислом Республикаси фуқароси М. Б.  Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Афғонистон Ислом Республикасидаги элчихонаси томонидан расмийлаштириб берилган ишчи кириш визасининг муддати тугаётгани сабабли Сурхондарё ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасига мурожаат қилади. Бироқ унга виза муддатини узайтириш учун асослар мавжуд эмаслиги, берилган муддат тугаши билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетиши лозимлиги тушунтирилади.

Боши қотган М. Б йўл излашни бошлайди. Бир куни у Ангор туманида яшовчи К. Т билан танишади. К. Т. унинг муаммоси ҳақида билгач, шу тобда мўмай даромад ишлаш фикри туғилади. Нафси ҳакалак отган К. Т.  М. Б га Тошкент шаҳридаги танишлари орқали Афғонистон Ислом Республикаси фуқароларига ноқонуний равишда виза муддатини узайтириб бериши эвазига ундан 5 минг АҚШ доллари талаб қилади. М. Б. ушбу вазият ҳақида ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилади.

Ҳолат бўйича суриштирув ишлари олиб борилгач, ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси, Давлат хавфсизлик хизмати Сурхондарё вилояти бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Сурхондарё вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида, фуқаро К.Т. Термиз тумани “Айритом” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Карвонсарой” меҳмонхонаси ёнида М. Б дан 4.900 АҚШ доллари ва 1.250.000 сўм пулларни олган вақтда қўлга олинди. Ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилди.

Жамшид РАСУЛОВ,

ИИВ ШХББ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходими, подполковник

Text to speech