Ижтимоий тармоқларда “Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида ИИБ ходимлари тадбиркорга нисбатан куч ишлатмоқда” сарлавҳали видеотасвирлар тарқалмоқда.
Маълум қиламизки, Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро судининг 2022 йил 2 февраль кунидаги “Ноқонуний қурилишларни мажбурий тартибда буздириш” ҳамда “Нотурар ер майдонидан чиқариш ҳақида”ги суд қарори ҳамда МИБ Олтинсой тумани бўлимининг ижро ҳужжатига асосан МИБ Олтинсой туман бўлими, туман ИИБ ҳамда тегишли ташкилотлардан иборат ишчи гуруҳ, жорий йилнинг 8 июнь куни соат 10:00да мажбурий ижро ҳаракатлари белгиланган жойга боришганида, жавобгарлар ижро ҳаракатлари бажарилишига тўсқинлик қилиб, ходимларни ҳаракатларига фаол қаршилик кўрсатиб, маъсулларга тош ва ғишт бўлакларини отишган.
Натижада жамоат тартибини бузиб, давлат органлари ходимларига тан жароҳати етказган тўрт нафар фуқаро мажбурий тарзда туман ИИБга олиб борилиб, уларга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Ҳолат юзасидан ўрнатилган тартибда текширув ишлари ўтказилмоқда.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати