Ижтимоий тармоқларда “Сурхондарё #ангор Одам ўлди лекин ИИБ терговчилари нега ишни ёпмоқчи тушунмадим” сарлавҳаси остида тарқалган видеолавҳа юзасидан Расмий муносабат:
Сурхондарё вилояти ИИБнинг масъул ходимлари томонидан ушбу видеолавҳа юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилганида қуйидагилар маълум бўлди.
2020 йилнинг 09 декабрь куни соат 18:00 ларда фуқаро О.Авазов бошқарувидаги “Дамас” русумли, 75 V 931 LA давлат рақамли автомашинани Ангор туман “Таллошқон” махалласи худудидан ўтган М-39 автомобиль йўлининг 1437-километрида, “Термиз-Ангор” йўналиши бўйича бошқариб, ўзининг ҳаракат йўналишидан қарама-қарши йўналишга қайрилиб олаётган вақтда, “Шерабод-Термиз” йўналишида ҳаракатланиб келаётган фуқаро Ж.Бобоқулов бошқарувидаги “Нексия” русумли 75 M 507 HA давлат рақамли автомашинанинг чап ён томонидан уриб, йўл транспорт ҳодисасини содир этган.
Йўл транспорт ҳодисаси натижасида “Нексия” русумли автомашинаси ҳайдовчиси Ж.Бобоқулов ва унинг йўловчилари Р.Қодиров, Н.Қодирова, Ю.Хуррамовалар турли хил тан жароҳатлари олишган, фуқаро О.Авазов эса Ангор туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан, Ангор тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси 2- қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилган.
Жиноят иши тергови давомида марҳум О.Авазовнинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноят аломатлари аниқланганлиги сабабли, жиноят иши 266-моддаси 2-қисмидан 1-қисмига қайта малакаланган.
Тергов бўлинмаси томонидан марҳум О.Авазовнинг яқин қариндошларига Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 84-моддаси 1-қисми 3-банди моҳияти яъни: айбланувчи шахс вафот этганлиги сабабли жиноят ишини тугатилиши мумкинлиги тушунтирилганда, улар йўл транспорт ҳодисасида марҳум О.Авазовнинг айби йўқлигини маълум қилишиб, жиноят ишини тугатишга розилик билдиришмаган.
Жиноят иши бўйича суриштирув ҳаракатлари 2021 йил 6 февраль куни тамомланиб, ЖПКнинг 381-12-моддасига асосан айблов далолатномаси тасдиқлаш ва тегишли судловга юбориш масаласи ҳал қилиш учун Ангор туман прокуратурасига юборилган.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати