11 Май 2021 йил 614

Ижтимоий тармоқларда “Дод ёрдам беринг! Маска тақмаган ИИВ ходимлари мажбурлади”, “Қашқадарёда милиция ходимлари уриб босиб олиб кетишти. Овқатланиб маска тақмаганимга босим ҳақиқат...” сарлавҳаси остида тарқалган видеолавҳа юзасидан Расмий муносабат:

Сурхондарё вилояти ИИБнинг масъул ходимлари томонидан ушбу видеолавҳа юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилганида қуйидагилар маълум бўлди.
2021 йилнинг 29 апрель кунидан 30 апрель кунига ўтар кечаси Ангор тумани ҳудудида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида, тунги хизматга жалб этилган вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ ППХ батальони ходимлари Ангор тумани “Шарқ гули” маҳалласида хизмат олиб бораётганларида, ушбу маҳаллада жойлашган “Олтин тож” ошхонасида соат 00:10ларда фуқароларнинг бақир-чақир овози эшитилганлиги сабабли, ошхона ховлисида ўтирган фуқароларнинг ёнига бориб, уларга ўзларини таништириб, “тунги вақтда фуқаролар осойишталигини бузиб, бақир-чақир қилмасликларини, уйларига бориб дам олишларини” тушунтирганларида, фуқаро А.Бахриддин ППХ ходимларига “кетмайман, пулини тўласанг кетамиз, бўлмаса хохлаганимизча ўтириб еб ичамиз!”-деб, жавоб қайтаради.
Шундан сўнг, ППХ ходимлари тунги хизматда бўлган ҳудуд профилактика инспекторига қўнғироқ қилиб, уни ушбу жойга чақиришади.
Профилактика инспектори ҳам ушбу жойга етиб келганидан кейин фуқаро А.Бахриддинни тинчлантиришга ҳаракат қилиб, спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги юзасидан тиббий кўрикдан ўтишини таклиф қилганида, фуқаро А.Бахриддин ички ишлар органлари ходимларига фаол қаршилик кўрсатиб, вилоят ИИБдан масъул ходимлар келганидан кейин тиббий текширувдан ўтишини таъкидлайди.
Ички ишлар органлари ходимлари фуқаро А.Бахриддинга “қонуний талабларига бўйсунмаса мажбурий тартибда олиб кетишларини” тушунтиришларига қарамасдан, фуқаро А.Бахриддин уларнинг қонуний талабларига бўйсунмаганлиги учун мажбурий тартибда туман Тиббиёт бирлашмасига олиб борилиб, тиббий текширувдан ўтказилади.
Туман тиббиёт бирлашмасининг 2021 йил 30 апрель кунидаги баённомасига кўра, фуқаро А.Бахриддин алкоголь маст ҳолда эканлиги, навбатчи шифокор томонидан тана аъзолари кўздан кечирилганда, танасида тан жароҳатлари йўқлиги аниқланган.
Фуқаро А.Бахриддиннинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 192, 194-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжудлиги сабабли ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ангор тумани ИИБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда
Шунингдек, тўпланган ҳужжатларнинг ички ишлар органлари ходимларига нисбатан бўлган қисми қонуний баҳо бериш учун Ангор туман прокуратурасига юборилган.

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech