24 Май 2021 йил 546

Ижтимоий тармоқларда “Агар мен йўқолиб қолсам, билингки мени қамашди” сарлавҳаси остида тарқалган видеолавҳа юзасидан Расмий муносабат:

Термиз шаҳар бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасининг масъул ходимлари томонидан ушбу видеолавҳа юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилганида қуйидагилар маълум бўлди.
2021 йил 22 май куни соат 10:30ларда фуқаро Ф.Салимова Термиз шаҳар бўйича ИИО ФМБ маъмурий биносига мурожаат қилиб келганида, Термиз шаҳар бўйича ИИО ФМБ Ташкилий-таҳлил бўлинма мурожаатлар билан ишлаш гуруҳи катта инспектори томонидан қабул қилинган ва у шу куни соат 09:50ларда Термиз шаҳар ҳокимиятига мурожаат қилиб борганида, 1-қаватида ишловчи 2 нафар аёллар таҳдид қилиб, уриб тан жароҳати етказганлиги сабабли ушбу аёлларга нисбатан чора кўришни сўраб ариза билан мурожаат қилган.
Шундан сўнг, фуқаро Ф.Салимованинг аризаси юзасидан ҳудудий профилактика катта инспектори майор Б.Сариев чақирилганида, ушбу ходим келгунига қадар фуқаро Ф.Салимова Термиз шаҳар бўйича ИИО ФМБ маъмурий биноси назорат ўтиш жойи олдида ўзининг қўл телефони орқали видео тасвирга олаётган вақтда, бинодан чиқиб келган, Сурхондарё вилояти Термиз шаҳар бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 2-сон ИИБ Ҳуқубузарликлар профилактикаси гуруҳи хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори катта лейтенант С.Алланазарова ўзини таништириб, хотин-қизлар масалалари билан ишлаш бўйича катта инспектор эканлигини айтиб, уни хизмат хонасига таклиф қилганида, Ф.Салимова ушбу ходиманинг гапларини эшитмасдан ўзининг ҳаракатларини давом эттирган.
Профилактика катта инспектори етиб келганида, фуқаро Ф.Салимова кетиб бўлганлиги учун унинг яшаш уйига бориб, унинг аризаси юзасидан тушунтириш хатини олиб, суд-тиббий экспертизаси тайинлаш тўғрисида қарор берган.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан профилактика катта инспектори томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech