ИИВ Сурхондарё Академик лицейида байрам тадбири бўлиб ўтди
Бугун устоз деган улуғ ва шарафли ном эгалари қадрланадиган кун, шодиёнаси, бу буюк зотлар борки уларнинг хизмат ва меҳнати самараси ила юртимиз тинч, халқимиз фаровон, давлатимиз мустаҳкам, дунё саҳнида ўз обрў ва эътиборга эга давлатлар қаторида.
Ушбу айёмда қадрдон мактабимиз, бизга ҳарф ўргатган, эзгуликдан сабоқ берган меҳрибон муаллимларимиз сиймоси кўз олдимизда гавдаланади. Биз учун ибрат мактаби ва намунаси, юксак инсоний фазилатлар тимсоли бўлган азиз ва мўътабар зотлар шаънига энг гўзал сўзлар, эзгу тилакларимизни изҳор этамиз.
Зеро, миллатнинг, халқнинг эртаси, тараққиёти азиз устозлар қўлида!
Дунёдаги ривожланган, замонавий давлатлари қаторидан муносиб ўрин эгаллаш аввало илм-фан ва таълим-тарбия соҳасининг ривожи билан амалга оширилади.
Мана шундай соҳани эгаллаган устоз ва мураббийларимиз Ички ишлар вазирлиги тизимини муносиб кадрлар билан таъминлашда қилаётган эзгу ишлари ва бераётган сабоқларига таҳсинлар айтилди.
Жорий йилнинг 30 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Сурхондарё академик лицейида 1 октябрь-“Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбирда ўқувчилар, ўқитувчилар ҳамда ички ишлар органларида узоқ йиллар бенуқсон хизмат қилган фахрийлар таклиф этилди.
Байрам тадбирини вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Абдувоҳид Исмоилов очиқ деб эълон қилиб, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант П.Р.Бобожоновнинг 1 октябрь – “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” байрами муносабати билан байрам табригини ўқиб эшиттириб, тадбир қатнашчиларини ўзи ва ички ишлар бошқармаси шахсий таркиби номидан табриклаб самимий тилакларини билдирди.
Шундан сўнг, бошқарма бошлиғи томонидан Ўзбекистон Республикаси ИИВ Сурхондарё академик лицей ўқитувчиларининг бир гуруҳига, бошқарма бошлиғининг пул мукофотлари ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди. ИИВ Сурхондарё Академик лицейи директори подполковник Бахтиёр Бўриев ҳам ишчи ходимларига эсдалик совғаларини улашди.
Сурхондарё вилояти ИИБ Фахрийлар Кенгаши раиси истеъфодаги подполковник Эркин Қодиров ҳам сўзга чиқиб, таълим даргоҳида фаолият олиб бораётган ўқитувчи ва мураббийларни касб байрами билан самимий муборакбод этди.
ИИВ Сурхондарё Академик лицейида ташкил этилган байрам тадбирида, академик лицейи ўқувчиларининг устоз ва мураббийларни, Она ватанни мадҳ этувчи куй қўшиқлари, бадиий ва спорт чиқишлари байрам иштирокчиларининг кўнглига қувонч ва шодлик улашди.
Тадбир давомида, лицей ўқувчиларининг сафда тантанали юриши ўтказилди.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати