ИИВ Сурхондарё академик лицейи ўқувчилари учун ўқув машғулоти ўтказилди
Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари таркибидаги эксперт-криминалистика хизматининг фаолиятини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб амалиётга жорий этилмоқда.
Шунингдек, ички ишлар органлари тизимларида 10 сентябрь кунидан 10 октябрь кунига қадар “Касбий тайёргарлик ойлиги” ўтказилаётганлиги муносабати билан Сурхондарё вилояти ИИБ Эксперт-криминалистика маркази ходимлари ҳуқуқий тарғибот ишларида ҳам фаоллик кўрсатишмоқда.
Бунинг биргина мисоли сифатида, Сурхондарё вилояти ИИБ Эксперт-криминалистика маркази мутахассис ходимлари томонидан ИИВ Сурхондарё академик лицейида “Криминалистика фанининг предмети, тизими ва вазифалари. Криминалистиканинг услуби. Жиноятчиликка қарши курашишда ички ишлар органларида криминалистиканинг методларидан фойдаланиш” мавзусида машғулот ўтказилди.
Ўтказилган ўқув машғулот давомида жиноят ва ҳодиса жойларидан олинган ва жиноятларни фош этишда муҳим аҳамиятга эга бўлган ашёвий далилларни олиш ҳамда уларнинг жиноятларни фош этишдаги ўрни ҳақида атрофлича тушунтиришлар берилди.
Шунингдек машғулот доирасида ўқувчиларнинг саволларига мутахассис томонидан батафсил маълумотлар берилди.
Бундан кўзланган асосий мақсад эса, ички ишлар органлари учун малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда ёшларда касбга бўлган садоқатни ва қизиқишни ошириш кўзда тутилади.