ИИВ Сурхондарё академик лицейида тантанали диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.
Жорий йилнинг 15 июн куни Ўзбекистон Республикаси Ички
ишлар вазирлиги Сурхондарё академик лицейида таълим ва тарбия олиб,
ўзида ички ишлар органлари ходимлари учун зарур бўлган дастлабки касбий билим,
юксак ватанпарварлик ва маънавий-ахлоқий фазилатларни шакллантирган, келгусида
Ватанимиз равнақи, юрт тинчлиги осойишталигига ўзининг, чинаккам ҳиссасини
қўшадиган 156 нафар ўқувчи ёшларнинг битирув тадбири бўлиб ўтди.
Ушбу тадбирда Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи полковник Тимур Исмаилов,
вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосарлари, вилоят ИИБ Фахрийлар кенгаши аъзолари, туман
ҳокимлиги ва Ички ишлар бўлими масъуллари, битирувчи ёшларнинг ота-оналари
иштирок этишди.
Тантанали тадбирда сўз олган вилоят ИИБ бошлиғи таълим даргоҳини
битираётган ўқувчи ёшларнинг олган билимлари орқасидан эришган ютуқлари ҳақида
сўз юритиб, уларнинг келгусидаги ишларига омадлар тилади.
Шундан сўнг тадбирнинг асосий қисми битирувчи ўқувчиларга дипломларни
топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тантанали диплом топшириш маросимида вилоят ИИБ бошлиғи ва бошқарма
бошлиғи ўринбосарлари, Фахрийлар кенгаши раҳбарлари ва аъзолари қўлидан
дипломларни олиш жараёнида ҳар бир ўқувчи ўғил-қиз ғурур ва ифтоҳор билан
“Ўзбекистон Республикасига садоқат билан хизмат қиламан!”- дея, Она ватанига ўз
садоқатини намоён этишди.
Тантанали тадбир давомида, сўз олганлар ушбу таълим даргоҳи ва
битирувчи ўқувчилари ҳақида ўзларининг илиқ фикрларини билдиришди.
Тадбир сўнгида, ИИВ Сурхондарё Академик лицей
ўқувчи ўғил-қизлари тантанавор юришга саф тортишиб, раҳбарлар олдидан ўзгача ҳаяжон,
ўзгача қувонч ва виқор билан сафдан ўтишди.