18 Феврал 2021 йил 827

ИИБ ходимлари IT технологиялар бўйича ўқитилаяпти

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 21 ноябрдаги “Ахборот технологиялари ва коммуникацияларининг жорий этилишини назорат қилиш, уларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4024-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда Сурхондарё вилояти Ички ишлар органлари ходимларининг ахборот технологиялари соҳасида амалий билим тажрибасини ошириш мақсадида Термиз давлат университетида ўқувлар ташкил этилди.
Унда ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини бевосита амалга оширувчи ходимлари иштирок этмоқда.
Ўқувлар жараёнида эса улар ахборот технологиялари воситаларидан қандай фойдаланиш мумкинлигига доир сабоқларни олишмоқда.
Курс 2021 йилнинг февраль ойидан бошлаб Термиз давлат университети ўқув биноларида шартнома асосида ташкил этилди.
Мамлакатимизда миллий ахборот тизимини шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Олий мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг “Ўзбекистон Республикаси Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури бажарилишининг бориши тўғрисида” ги ахбороти эшитувида шу ҳақда батафсил маълумот берилди.
Бугунги кунда глобал иқтисодиётда компьютер ва телекоммуникация технологиялари, дастурий таъминот маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва улар асосида кенг турдаги интерфаол хизматлар кўрсатишни ўз ичига олган ахборот-коммуникация технологиялари соҳасининг роли ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда.
Шу маънода ташкил этилган мазкур йўналишдаги курслар асосан, ахборот-коммуникация технологиялари, аппарат воситалари ва дастурий маҳсулотлар, ҳимоя воситалари ва бошқа техник воситаларни ўрганишга йўналтирилган бўлиб, ўқув машғулотларига малакали мутахассислар жалб этилган.
Ўн кунлик дарслар давомида иштирокчилар олган билимларини амалиётда қўллай олиш имкониятига эга бўлишади.

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech