18 Апрел 2025 йил 1125

Ички ишлар вазирлиги томонидан оталиққа олинган Термиз шаҳридаги 7-сонли айрим фанларга ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактабида спорт турлари бўйича “Ички ишлар вазирининг кубоги” учун мусобақа ўтказилди.

Ёш авлодни қонунга эҳтиром ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш – келажагимизнинг кафолатидир.

Юртимизда инсон қадрини улуғлаш, ёш авлодни қонунга итоаткор, маънан етук ва жисмонан баркамол қилиб тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар тобора янги босқичга кўтарилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ички ишлар органларининг вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига оид фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-110-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу каби муҳим ташаббуслар доирасида жорий йилнинг 15–18 апрель кунлари Термиз шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 7-сонли айрим фанларга ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактабида ёш авлодни маънавий ва жисмоний баркамол қилиб тарбиялаш, ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, уларни қонунга ҳурмат руҳида вояга етказиш мақсадида катта аҳамиятга эга спорт тадбирлари ташкил этилди.

Мазкур мусобақалар “Ички ишлар вазирининг кубоги” учун ўтказилиб, унда Термиз шаҳридаги мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилари шахмат, шашка, мини-футбол, стол тенниси ва волейбол каби спорт турларида ўз маҳоратларини намоён этдилар. Ҳақиқий руҳий кўтаринкилик, дўстлик ва соғлом рақобат муҳитида ўтган ушбу мусобақалар, албатта, ёшларимизнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, жамоада ишлаш кўникмаларини шакллантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этди.

Ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совғалар ҳамда эсдалик мукофотлари топширилди. Бу эса ёшлар қалбида янги ғоя ва интилишлар уйғотиб, уларни янада фаол ва ибратли фуқаролар сифатида тарбиялашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Шубҳасиз, бу каби тадбирлар юртимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, ёш авлоднинг ҳуқуқбузарликдан йироқ туриши, юртига садоқат билан хизмат қилишга ундовчи муҳим қадамлардан биридир.

Text to speech