26 Сентябр 2023 йил 485

Ички ишлар вазири ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳ Ангор ва Шеробод туманларида бўлди

Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Б.Мирзарахимов Сурхондарё вилоятидаги ўрганишларини давом эттириб, Ангор тумани ҳудудидаги маҳаллаларда бўлди. Ҳудуддаги жиноятчиликни олдини олиш ишлари кўздан кечирилди.

Ангор туманидаги “Янги турмуш” маҳалласи ўрганилди.  Ташриф давомида маҳалла ҳудудида жиноят ва хуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиб, туманнинг тўртта сектор раҳбарлари ва маҳалла фуқаролари йиғини бешликлари билан суҳбат олиб борди.

Шунингдек, “Янги турмуш” маҳалласи ва унинг ҳудудида жойлашган “Барака” савдо мажмуасига хизмат кўрсатувчи 3-сонли “Ҳуқуқ-тартибот маскани”нинг фаолияти, профилактика инспекторининг хизмат хоналарини ва ходимларга яратилган шароитлар билан танишиш давомида тозалик ва ободонлаштириш ишларини ҳам кўздан кечирди.  

Бундан ташқари, маҳалла ҳудудида жойлашган “Барака” савдо мажмуасининг фаолияти, тадбиркорларга яратилган шарт-шароит ва имкониятлар билан танишиб, улар билан суҳбат олиб борилди.

Кейинги манзил, Шеробод тумани бўлди. Дастлаб, туманнинг “Чўмичли” маҳалласида жойлашган “Имом ат-Термизий” мажмуасига ташриф буюриб, у ерда туристлар ва зиёратга келаётган аҳоли учун яратилган шароитларни ўрганди ва мажмуа меҳмонларига хизмат кўрсатаётган вилоят Ички ишлар бошқармаси Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимларининг хизмат фаолияти билан танишди.

Бундан ташқари, тумандаги “қизил” тоифадаги “Мажнунтол” маҳалла фуқаролар йиғинида хизмат олиб бораётган профилактика инспекторининг жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши кураш борасидаги фаолиятини ўрганди.

Шунингдек, ушбу маҳалла фаоллари, оқсоқол нуронийлар ва жамоатчилик вакиллари билан бўлган учрашувда ҳудуддаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш, оила-турмуш доирасида жиноятларнинг олдини олиш ҳамда алоҳида тоифадаги шахслар билан олиб борилаётган профилактик ишлар юзасидан давра суҳбати ўтказилди.

Ички ишлар вазири ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Сурхондарё вилоятидаги ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech