27 Сентябр 2023 йил 621

Ички ишлар вазири ўринбосари Сурхондарё вилоятидаги қизил тоифадаги маҳаллаларда жиноятчиликни олдини олишга қаратилган ишларни ўрганди

Ички ишлар вазири ўринбосари Б.Мирзараҳимовнинг бу галги ўрганиш ишлари Термиз шаҳридаги “Темирйўлчилар” маданият саройида Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ҳамда Термиз минтақавий темир йўл узели ходимлари билан учрашувдан бошланди. Йиғилишда темир йўл соҳасида содир этилаётган жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишда ўзаро ҳамкорликни ташкил этиш борасида сўз юритилди.

Шунингдек, хизмат фаолияти давомида ижобий кўрсаткичларга эришганлиги учун Транспортда ХТБ ва Темир йўл тизимининг айрим ходимлари фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Шундан сўнг, ўрганиш ишлари Жарқўрғон туманида давом этди. Асосан, туман Ички ишлар бўлимининг фаолияти, тумандаги жиноятчилик аҳволи ва маҳаллаларда жиноятчиликни олдини олиш ишларига эътибор қаратилди.

Дастлаб тумандаги 4 та сектор раҳбарлари билан учрашиб, улар билан ҳудудда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳоли муаммолари ва ижтимоий-иқтисодий секторда амалга оширилаётган ишлар борасида суҳбатлашди.

Тумандаги "Дўстлик" маҳалласи “қизил” тоифадаги ҳудуд саналади. Ташриф давомида мазкур маҳалла ҳудудида жиноят ва хуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳамда замонавий ахборот-коммуникация воситаларининг тадбиқ этилганлиги кўздан кечирилди. Маҳалладаги бешлик билан суҳбатлашиш жараёнида жиноятчиликни олдини олишда ҳамкорликда иш олиб боришлари айтиб ўтилди.

Вазир ўринбосари Қумқўрғон туманидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш имкониятига эга “Agro presscing group” корхонасига фаолияти билан ҳам танишди. Хусусан, корхонадаги ишчиларнинг аксарият қисми ёшлардан иборат эканлигига ижобий баҳо берди.

Ташриф давомида, тумандаги “қизил” тоифадаги “Беш қахрамон” маҳалласи фаолияти ҳам эътибордан четда қолмади. Ушбу маҳалла ҳудудида профилактика инспектори томонидан жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан танишиб, маҳалла биноси ва профилактика инспекторларининг хизмат хоналарини текшириш давомида тозалик ва ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди. Шунингдек, маҳалла профилактика инспекторининг хизмат уйига ташриф буюриб, у ерда яратилган шарт-шароитлар билан танишди.

 

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech