Хотира ва қадрлаш куни арафасида Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчиларининг ҳолидан хабар олиниб, уларга Президент табриги ва совғалари топширилди
Президентимизнинг жорий йил 2 майдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони асосида Сурхондарё вилоятида истиқомат қилувчи 8 нафар Иккинчи жаҳон уруши фахрийларининг ҳолидан хабар олиниб, уларга Президентимизнинг байрам табриги, 18 миллион сўмдан пул мукофотлари, совғалар, озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.
Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи полковник Абдувоҳид Исмоилов Иккинчи жаҳон уруши фахрийси, Шеробод тумани “Галагузар” маҳалласида яшовчи Эламонов Кенжа бобонинг хонадонида бўлиб, фахримиз бўлган нуроний бобоимизни ва уларнинг оила аъзоларини байрам билан табриклади, Давлатимиз раҳбарининг табригини ўқиб эшиттириб, мукофотларни топширди.
Фахрий нуронийимиз вилоят ИИБ бошлиғи билан суҳбат давомида ўзларининг уруш йиллари хотиралари, ўтган даврларнинг қийинчиликлари, ҳаёт тажрибалари ҳақида сўзлаб беришди. Бугунги дориломон кунларнинг қадрига етиш кераклигини такрор такрор таъкидладилар, Президентимиз томонидан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига кўрсатаётган доимий ғамхўрлиги учун миннатдорчилик билдирдилар.
Нуронийлар ва тадбирга жам бўлганлар мустақиллигимиз абадийлиги, юртимиз тинчлик-осойишталиги барқарор бўлишини, халқимиз фаровонлигини сўраб дуога қўл очишди.