Ҳоким коронавирусга қарши кураш чоралари билан танишди
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов вилоят секторлари раҳбарлари билан биргаликда Термиз шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик маркази биносида яратилган шароитлар, мавжуд муаммоларни чуқур ўрганди.
Президентимиз 18 март куни маҳалла ва оила масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида коронавирус муаммосига алоҳида тўхталиб, сўнгги йилларда санитария-эпидемиология масаласига жиддий аҳамият берилаётганини алоҳида таъкидлади. Ўтган йилларда соҳа эътибордан четда қолгани учун унинг моддий-техник базаси, айниқса, лабораторияси, тиббий анжом ва жиҳозлари ачинарли ҳолатга келиб қолганини ҳам қайд этди.
Вилоят ҳокимларига жойлардаги санитария-эпидемиология муассасаларини бирма-бир айланиб, лаборатория-диагностика, тиббий восита ва жиҳозлар билан таъминланганлик даражасини, кадрлар салоҳияти, ойлик маоши каби муаммоларни чуқур ўрганиш, ички молиявий имкониятлар асосида уларни йил охирига қадар бартараф этиш, захиралар шакллантириш бўйича алоҳида дастурлар ишлаб чиқиб, бажариш юзасидан тегишли вазифаларни берди.
Мазкур топшириқлар ижроси доирасида секторлар раҳбарлари ва соҳа мутахассислари билан шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик марказини кўздан кечирган вилоят ҳокими уч қаватли бинони айланиб, хоналарни бирма-бир кўздан кечирди. Марказ ходимлари билан суҳбатлашиб, муаммолари билан қизиқди.
Фойдаланишга топширилганига 26 йил бўлган ушбу бинонинг биринчи қаватида маъмурият, паразитология лабораторияси ва мажлислар зали жойлашган. Иккинчи қаватда бактериалогик лабораторияси ва эпидемиология бўлими, учинчи қаватида санитария-гигиена лабораторияси фаолият юритмоқда. Уч йил муқаддам биринчи ва иккинчи қаватларнинг бир қисми таъмирланиб, барча турдаги юқумли касалликлар таҳлилини бир кеча-кундузда чиқариб бера оладиган хорижнинг замонавий лабораторияси ускуналари билан жиҳозланган.
Марказ бош врачи Н.Йўлдошевнинг айтишича, бинонинг биринчи ва иккинчи қаватларида ҳам таъмирталаб хоналар мавжуд. Учинчи қавати бир қисми капитал таъмирлашга муҳтож бўлиб қолган. Мебель ва бошқа жиҳозлар етишмайди. Ҳисоб-китобларга кўра, айни пайтда 3,5 миллиард сўмлик керакли реактив ва тиббий жиҳозларга эҳтиёж сезилмоқда.
Вилоят ҳокими нафақат Термиз шаҳри балки, воҳада тиббий ва санитар барқарорликни, жамоат саломатлигини таъминлаш, касалликлар профилактикаси ва соғлом турмуш тарзини ташкил этиш учун барча зарур чоралар кўрилишини таъкидлади. Мавжуд камчиликлар бартараф этилишини қайд этди.
Шу куни вилоят ҳокими ва секторлар раҳбарлари вилоят юқумли касалликлар шифохонасида ҳам бўлиб, тиббиёт муассасаси билан танишди. Тиббиёт ходимлари ҳамда беморлар учун янада қулай шароитлар яратиш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.