Хизмат интизоми масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди
Ички ишлар органларида шахсий таркиб ўртасида хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш, қонун бузилиши ҳолатларига нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш мақсадида доимий равишда профилактик тадбирлар, учрашувлар ташкил этилмоқда. Куни кеча Денов туманида ўтказилган навбатдаги учрашувда вилоят Қўриқлаш бошқармаси раҳбарияти, Шахсий хавфсизлик бўлими масъуллари, Шўрчи, Олтинсой, Денов, Сариосиё ва Узун тумани Қўриқлаш бўлими ходимлари иштирок этдилар. Унда қўриқлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришлар хусусида сўз юритилиб, бўлимларда хизмат интизомини таъминлаш, қонунбузарликларнинг олдини олиш, хизмат вазифаларини масъулият билан бажариш, жамоатчилик билан муомала маданияти ҳамда шахсий таркиб ўртасидаги ички муносабатлар муҳокама қилинди. Раҳбарият томонидан айрим ходимларнинг хизматда йўл қўйган хато ва камчиликлари таҳлил қилиниб, интизомий чоралар кўрилгани маълум қилинди. Шу билан бирга, ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан бажараётган ходимлар ҳам алоҳида эътироф этилди. Ходимлар аввалло муомала маданиятига эътибор қаратишлари, белгиланган тартиб қоидалар ва қонунчиликка қатъий риоя этган ҳолда хизматни олиб боришлари, автомашина бошқарганда йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишлари лозимлиги таъкидланди. Коррупция ҳолатларига қарши курашиш, унинг олдини олиш ҳар бир ходим учун бирдек тегишли бўлган вазифа, масъулият ҳисобланиши айтиб ўтилди. Ходимлар билан мунтазам равишда профилактик тарбиявий суҳбатлар олиб бориш, уларнинг хонадонлариги борган ҳолда оилавий шароитлари, муаммоларини ўрганиш, ҳуқуқий билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган ўқув машғулотларини ташкил этиш юзасидан қўриқлаш бўлимлари масъул офицерларига тегишли вазифалар юклатилди.