“Хавфсиз кибер макон” — ҳар бир фуқаро масъулияти!
Бугунги кунда интернет ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган. Бироқ у билан бир қаторда янги турдаги таҳдидлар — кибержиноятлар ҳам ортиб бормоқда. Фуқароларнинг шахсий маълумотларини ноқонуний равишда ўзлаштириш, онлайн фирибгарлик, фишинг орқали алдов йўли билан маблағ эгаллаш каби ҳолатлар кундалик ҳаётда тез-тез учрамоқда.
Шу боис, жамиятда киберхавфсизлик маданиятини
юксалтириш, аҳолининг интернетдан онгли ва хавфсиз фойдаланиш кўникмасини
ошириш мақсадида жорий йил октябрь ойи давомида мамлакатимиз бўйлаб “Хавфсиз
кибер макон” тарғибот ойлиги ўтказилмоқда.
Шу доирада Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида ҳам
соҳада масъул идоралар ҳамкорлигида аҳоли ўртасида кенг қамровли тарғибот
тадбири ташкил этилди. Тадбирда Термиз шаҳар прокурори ўринбосари Ҳазратқулов
Комил, вилоят ИИБ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш
бошқармаси ходимлари ҳамда Миллий гвардиянинг тегишли бўлинмалари иштирок этди.
“Яшил дунё” марказий деҳқон бозори ҳудудида
ўтказилган учрашув давомида савдогарлар ва харидорларга киберхавфсизликнинг
асосий қоидалари, интернет орқали юз бериши мумкин бўлган хатарлар ҳақида
тушунтириш берилди. Айниқса, онлайн фирибгарлик, фишинг, шахсий маълумотларни
ўғирлаш каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича амалий тавсиялар етказилди.
Фуқароларга махсус ахборот рисолалари ва
тавсияномалар тарқатилиб, турли вазиятларда қандай чора кўриш, кимларга мурожаат
этиш кераклиги ҳақида ҳам маълумот берилди.
Бундай тадбирлар нафақат кибержиноятларнинг олдини
олишга, балки фуқароларда шахсий маълумотларга нисбатан масъулият туйғусини
оширишга хизмат қилади.
Эсда тутинг: “Интернетдаги ҳар бир босганингиз из
қолдиради.” Шахсий маълумотларингизни ҳар ким билан бўлишманг, ишончсиз
ҳаволаларни очманг ва шубҳали онлайн операцияларга алданманг.
Чунки хавфсиз кибер макон — бу фақатгина давлат идораларининг эмас, балки ҳар бир фуқаронинг ҳам масъулиятидир!