5 Май 2020 йил 776

Facebook ижтимоий тармоғи орқали қилинган мурожаат ўз исботини топмади

Жорий йилнинг 18 апрель куни Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани “Катта савур” шаҳарчасида яшовчи фуқаро Баҳриддин Баратов ижтимоий тармоқ орқали Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазири генерал-лейтенант П.Р.Бобожоновга мурожаат этиб, ИИВнинг 1102 қисқа рақамли “Ишонч телефони”га қўнғироқ қилгани, бироқ, у ердагилар навбатдаги тартиб рақами келиши кутишини айтишгани, 13 дақиқагача кутса ҳам “валс” мусиқаси қўйиб берилиб, бошқа жавоб берилмаганини маълум қилган. Мурожаатдан мақсад Шўрчи тумани ИИБдан шикоят қилиб, норозилигини билдирмоқчи бўлган.
Гап шундаки, профилактика инспектори, капитан Турсун Шоймардонов Шўрчи тумани “Ёшғайрат” маҳалласида яшовчи фуқаро Холмурод Бекмуродовнинг туман прокурори номига ёзган аризаси юзасидан суриштирув ишларини олиб борган ва тўпланган хужжатлар билан танишиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-қисмига кўра жиноят иши қўзғатишни рад этган. Шу жараёнда Шўрчи туманидаги “Қиличбек Обод” фермер хўжалиги раҳбари Баҳриддин Баратовнинг номига вилоят ИИБ Тезкор маълумотлар бўлимидан талабнома текширганида унинг муқаддам судланганлиги ҳолати аниқланган. Шундан сўнг ушбу фуқаро билан суҳбатлашгач, судланганлик ҳолати 2018 йил суд томонидан олиб ташланганини маълум қилган. Профилактика инспектори бу ҳолатни вилоят ИИБ Тезкор маълумотлар бўлими билан таққослаб, Б.Баротовнинг судланганлик ҳолатини олиб ташлаш ҳақида белги қўйилишига эришган. Суриштирув чоғида Шўрчи тумани ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси таянч пунктлари профилактика инспектори капитан Т. Шоймардонов томонидан бирон-бир қонунбузилиши ёки хизмат интизоми бузилиши ҳолати содир этилгани аниқланмади.
Буни қарангки, Б. Баратов гўёки профилактика инспектори, капитан Т.Шоймардоновнинг хатти-ҳаракатларидан, хусусан, у вилоят ИИБ Тезкор маълумотлар бўлими базасида илгари судланганлик ҳолати кўриниб турганини айтганидан норозилигини билдирмоқчи бўлиб, ИИВнинг 1102 қисқа рақамли “Ишонч телефони”га қўнғироқ қилган эмиш. Кейинчалик эса ўзининг илгари судланганлик ҳолати 2018 йилда муддати тугаганлиги сабабли жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят Суди томонидан олиб ташланганини, ИИВ Ахборот марказидан ҳам ушбу ҳолат ўчирилганини билиб олибди. Айни пайтда Т.Шоймардонов ва бошқа ички ишлар органлари ходимларига эътирози ҳам йўқ экан. Шунингдек, суҳбат чоғида у ИИВнинг 1102 қисқа рақамли “Ишонч телефони”га қўнғироқ қилгани, бироқ, у ердагилар навбатдаги тартиб рақами келиши кутишини айтгани, ҳатто шу куни 13 дақиқагача кутса-да, лекин “валс” мусиқаси қўйиб берилиб, бошқа жавоб берилмагани ҳақидаги важи юзасидан етарлича гувоҳ, далил ва исбот топиб беролмай мулзам бўлиб қолди.
Шу ўринда фермер ўзига ярашадиган иш қилган, деб ўйлайсизми?...
Аслида қонун устуворлигини таъминлаб, ўз ҳудудидаги фуқаронинг ҳуқуқларини ҳимоя қилган профилактика инспектори ҳамда Ички ишлар вазирлигининг “Ишонч телефони” хизматчиларини ижтимоий тармоқ орқали ёмон отлиқ қилишдан мақсад нима? Ҳар қалай бундай хатти-ҳаракатларни амалга оширишдан олдин, фуқаролар унинг жамиятга таьсирини бир ўйлаб кўрса яхши бўлар эди.

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech