“Эзгулик отряди” эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам кўрсатмоқда
Сурхондарё вилоят ички ишлар идоралари ходимлари коронавирус инфекциясининг вилоят ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича кўплаб чора- тадбирларни амалга оширмоқда. Жумладан, фуқароларга карантин қоидаларига ва белгиланган чекловларга қатъий риоя этиш ва жамоат жойларида ниқобларни тақиб юриш бўйича доимий тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Дунё бўйлаб ёйилган бу офатни тинч,осайишта ва саросимага берилмасдан енгишнинг мазмун-моҳияти кенг тушунтирилаяпти. Кўча ва бозорларда осуда ҳаракатни таъминлашга эътибор кучайтирилмоқда.
Бугун Ички ишлар органлари ходимлари яна бир эзгу ишга қўл урди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошида ташкил этилган “Меҳр шавқат ва саломатлик” жамоат фонди ҳисоб рақамига пул маблағлари ўтказилди. Шунингдек, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Абдувоҳид Саломович Исмоилов раҳбарлигидаги “Эзгулик отряди” аъзолари Термиз ва Музработ туманларида яшовчи 30 нафар кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам кўрсатиб, моддий-маънавий қўллаб-қувватлади. Улар учинчи сектор ҳудудидаги икки туманда истиқомат қилаётган 15 тадан кам таъминланган оилага 25 кг ун, 5 литр ўсимлик ёғи, 2 кг гўшт маҳсулоти, 10 кг. пиёз, 10 кг картошка, 5 кг макарон, 2 кг шакар, 5 дона совун ва 10 донадан ниқоб ва бошқа бирламчи эҳтиёж моллари бепул тарқатилди.
Бундай эзгу ишлар вилоят ички ишлар органлари барча ходимларининг нафақат ўз хизмати билан балки, моддий жиҳатдан ҳам коронавирусга қарши курашга қатъий бел боғлаганига яққол далилдир.
Осайишталигимиз посбонлари томонидан Термиз шаҳри ва бошқа туманларда ҳам пандемиянинг воҳа ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича тарғибот ишлари ҳамда ҳайрия тадбирлари давом эттирилмоқда.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати